ЭКСПРЕССИОНИЗМ

ЭКСПРЕССИОНИЗМ (лот. ехргекю — ифодалаш, изҳор қилиш) — 1900 — 20-й. ларда адабиёт ва санъатда юзага келган йўналиш; даврнинг ўткир инқирозларининг акс садоси сифатида юзага келган. Экспрессионизм асарларидаги ижтимоий танқидий руҳи билан параллел мавжуд бўлган ёки кейин юзага келган авангард санъатидан фарқ қилади. Унинг асарларида замонавий цивилизациянинг инқирози табиат ва инсониятга ёпирилиб келаётган ҳалокат кўриниши тарзида намоён бўлади. «Экспрессионизм» термини илк бор X. Валден томонидан қўлланган (1911). Экспрессионизмда, асосан, ижодкорнинг субъектив тасаввурлари, ҳистуйғулари ифодаланди, улардаги эҳтирослилик ва жиддийлик асарларга жўшқинлик бахш этди. Экспрессионизм тараққиёти қарама-қаршиликларга эга бўлди, бир томондан, модернистик анъаналарнинг ривожланишига таъсир кўрсатса, бошқа томондан, ижтимоий танқидий йўналишнинг қарор топишини таъминлади.

Бадиий адабиётда — Э. ўзининг типик характерга эга бўлмаган асарлари билан намоён бўлди. Экспрессионистик адабиётнинг асосий жанри лирик поэзия ва публицистик драма бўлганлиги ҳам бежиз эмас. Бу тахлит асарларда муаллифнинг узунданузоқ ва ҳиссиётли монологлари ўрин оларди. Экспрессионизм адабиётининг пайдо бўлиши Г. Тракль (Австрия), Г. Хейм ва Э. Штадлер (Германия) номлари билан боғлиқ. Уларнинг трагизмга бой лирикасида ҳаёт ўша давр тамаддунининг шиддатли одимини тутиш тарзидагина эмас, балки яқинлашиб келаётган тарихий бурилишларни сезиш, шахснинг ижтимоий мавжудотга шаксиз боғлиқлик ҳисси билан туғилган гирдибод ҳаракати йўсини тарзида талқин қилинган. Бу тахлит асарларни Г. Бенн, И. Бехер, Я. ВанГоддис, Ф. Верфель ва Э. ЛаскерШюлер лирикасида, В. Газенклевер, Г Кайзер, Л. Рубинер, Э. Толлер, Ф. фон Унру, К. Х. Янн драмаларида, А. Дёблин, Г. Мейринк, Л. Франк, К. Эдшмид ва қисман Ф. Кафканинг насрий асарларида ҳам кўриш мумкин.

Тасвирий санъатда Экспрессионизм ўтмишдошлари (турли даражада символизмга яқин бўлган) голланд рассоми Ван Гог, норвегиялик Э. Мунк, бельгиялик Ж. Энсор ижодидан таъсирландилар. Экспрессионизм тамойиллари кўпроқ немис ва австриялик рассомлар ижодида ўзини тўлиқ намоён қилди. «Кўприк» уюшмаси аъзолари (Э. Кирхнер, М. Пехштейн, Э. Хеккель ва бошқалар) Экспрессионизм руҳида асарлар яратдилар; «Мовий суворий» жамияти аъзолари (В. Кандинский, Ф. Марк ва бошқалар) нинг асарлари образ қурилишига кўра бирмунча етук бўлган; рассом О. Кокошка, М. Бекман, ҳайкалтарош В. Лембрук ва бошқалар эркин ижод қилдилар ҳамда тасвирий ифодалилик масалаларига эътиборни кўпроқ қаратдилар. Инқилобий мафқура таъсирида бир қатор рассомлар ижодида Экспрессионизм уруш ва инсон ҳуқуқларини поймол этилишига қарши бўёқларга эга бўлди. Экспрессионизм графика (дастгоҳ ва китоб графикаси)да ҳам сезиларли ўрин тутди. Оққора бўёқларнинг кескинлиги, тасвирларда эркин шаклларни ишлатилиши график асарларга жўшқинлик бахш этиш билан бирга унинг ички моҳиятини ёритишга хизмат қилди (мас, бельгиялик Ф. Мазарель асарлари).

Ўзбекистон тасвирий санъатида Экспрессионизм таъсири 20-асрнинг 20—30-й. ларида М. Курзин, В. Еремян, В. Уфимцевларнинг айрим асарларида сезилади. Н. Кашинанинг илк ижодида шу таъсирни кўриш мумкин.

Мусиқада Экспрессионизмнинг илк кўринишлари Г. Малер (етук симфониялари ва «Ер ҳақида қўшиқ» туркуми) Р. Штраус («Саломея» ва «Электра» опералари) ижодида намоён бўлган. Мусиқий Экспрессионизм тўлалигича Янги Вена мактаби вакиллари асарларида, кейинчалик унинг услубий тамойиллари бошқа композиторлар ижодида ҳам ўз аксини топган (П. Хиндемитнинг «Қотил — аёллар умиди» ва «Авлиё Сусанна», Э. Кшенекнинг «Соя устидан сакраш», Б. Бартокнинг «Ажойиб мандарин» опералари, А. Онеггернинг 3 ва 5симфониялари ва бошқалар). Экспрессионизмга хос ўта ҳаяжонли, кескин кайфият қарама-қарши (оғир қайғули, ғамгин ёки хаёлий, осойишта бўлган) образлар тўқнашуви орқали юзага келади. Ифода воситалари атоналлик, додекафонията хос унсурларнинг кенг татбиқ этилиши, гармониянинг ўткир ҳамоҳангсизлиги, куй тузилмалари ўзаро боғланмаганлиги, вокал партиянинг нутқ интонацияларига асосланганлиги билан ажралиб туради. Узбекистон композиторларидан Ф. ва Д. ЯновЯновскийларнинг турли жанрдаги асарлари, Н. Зокировнинг опералари, М. Тожиев ва Т. Қурбоновнинг айрим симфонияларида Экспрессионизм хусусиятлари учрайди.