ЭКСПОЗИЦИЯ

ЭКСПОЗИЦИЯ — 1) адабиётда бадиий адабиётда қўлланадиган унсур. Бадиий асар сюжетининг таркибий қисмларидан бири бўлиб, воқеалар рўй берадиган замон ва макон, персонажлар тўғрисидаги муаллиф маълумртлари. Бундай маълумотлар, одатда, бадиий асар сюжетининг кириш қисмида воқелик тугуни, ривожи, асосий тўқнашувлар ҳамда кульминацион нуқтадан аввал берилади. Экспозицияда ўқувчи асарда иштирок этувчи қаҳрамонлар, улар ҳаракат қиладиган жой, тўқнашувчи шахслар ва ҳодисалар тўғрисида дастлабки маълумотларни олади. Гарчи Экспозиция бадиий асарда бош конфликтни ривожлантириб, кейинги воқеаларга туртки беришга жиддий кўмаклашмасада, кўпинча, асосий воқеа ривожининг йўналиши ҳамда характерини олдиндан аниқлашга хизмат қилади.

Экспозиция композицион унсурлардан бири сифатида ёзувчи мақсадига кўра бадиий асарнинг турли ўринларида, ҳар хил кўринишда келади ва турли номлар билан аталади. Воқеалар бошланишидан олдин берилса, тўғри Экспозиция (А. Қодирий ва Ойбек романларида), сюжет тугунидан сўнг берилса, кечиктирилган Экспозиция (А. Қаҳҳорнинг «Синчалак» қиссаси, «Қўшчинор чироқлари» романи), асар охирида берилган маълумотлар эса тескари Экспозиция дебаталади. Айрим йирик ҳажмли асарларда қаҳрамонлар ва воқелик ўрни тўғрисидаги маълумотлар бутун асарга «сочиб» юборилади. Булар сочма Экспозиция дейилади (Л. Толстойнинг «Уруш ва тинчлик», У. Ҳошимовнинг «Тушда кечган умрлар» романлари). Ҳоз. ўзбек насрида Экспозициянинг сочма тури кўпроқ учрамоқда. Асар жанрига қараб Экспозиция ҳам турлича бўлиши мумкин;

2) мусиқада — асар композицияси (мас, соната шакли ёки фуга)нит биринчи бўлими, асосий мавзуларнинг баёнидан иборат. Ўзбек мумтоз мусиқасининг йирик шаклдаги намуналарида даромад (баъзида, миёнхат билан бирга), шунингдек, бозгўй (биринчи хона билан бирга) Экспозиция вазифасини бажаради.

Йўлдош Солижонов.