ЭКСПЕРИМЕНТАЛ ПСИХОЛОГИЯ

ЭКСПЕРИМЕНТАЛ ПСИХОЛОГИЯ — психик ҳодисалар ва жараёнларни илмий методлар ёрдами билан тадқиқ қилиш. Психологиянинг фан сифатида фалсафадан ажралиб чиқишида экспериментал тадқиқотлар ўтказиш асосий роль ўйнаган. 19-асрнинг ўрталарида илк бор сезги, идрок юзасидан тадқиқотлар олиб борилган. Экспериментал психологиянинг фан сифатида ажралиб чиқишига немис олими В. Вундт катта ҳисса қўшган. Илк экспериментал тадқиқотлар ўзини ўзи кузатиш услуби ёрдами билан шахснинг ички майллари, мотивлари, фикр юритишига бағишланган. Кейинчалик текширишлар турли ҳайвонларда ўтказила бошлаган. Кўп тадқиқотларни АҚШлик Т. Л. Морган, Э. Л. Торндайк ва бошқалар олиб борганлар. Экспериментал психология мураккаб тадқиқот (кўп шкалали, кўп босқичли) методлари, методикалари (ишончлилиги, кафолатлилиги, тест ёки ретест хусусиятига эгалиги)дан ташқари электрон ҳисоблагичлар, техник асбоблар ва мосламалар, содда ёки мураккаб тузилган махсус аппаратлар, замонавий техника ва технологияларга асосланади. Экспериментал психология ёрдамида психик функцияларгина эмас, шу билан бирга шахс ҳиссиёти, эмоцияси, индивидуал хусусияти, диққат, хотира, идрок сингари билиш жараёнлари ҳам тадқиқ қилинади. Экспериментал психология тадқиқотлари натижалари психология соҳалари назариясини ишлаб чиқишда асос бўлиб хизмат қилади. Олимлардан Ф. Гальтон (1822-1911), Д. Кеттел (18601944), Э. Толмен (1886-1959), Г. Роршах (1884-1984), А. Бине(1857-1911), П. Жане (1859-1947), Ж. Пиаже (1896—1980) ва бошқалар Экспериментал психологиянинг ривожланишига муҳим улуш қўшганлар.

Эргаш Ғозиев.