ЭКСКОРИОЗ

ЭКСКОРИОЗ — токнинг замбуруғ касаллиги. Ток зангида, барг ва новдаларида қора узунчоқ доғ ва йўлйўл чизиқлар кўринишида пайдо бўлади. Экскориоз касаллиги тез тарқалади, чизиқлар ўрнида ёриқлар ҳосил бўлади. Пўстлоқ ингичка узун бўлакларга бўлиниб кўча бошлайди, новда ўсиб чиққан жой йўғонлашади. Новданинг асоси йўгонлашиб (шишиб), озиқ моддалар ўтмай қолади. Новдаларда чўзинчоқ қорамтир доғлар пайдо бўлиши мумкин. Кеч кузда новдалар учи оқаради, уларда ҳам доғ пайдо бўлади. Экскориоз ёмғир кўп ёққан йилда жуда тез ривожланади. Касаллик қўзғатувчиси новда ўсиб чиққан жойларда мицелий кўринишида қишлайди.

Кураш чоралари: токларга ёруғлик ва ҳавонинг яхши ўтиши учун қулай шароит яратилади, куртак чиққунга қадар ҳамда новда ўсиш даврида фунгицидлар, органик препаратлар билан ишлов берилади. Куртаклар бўртишига қадар 2% ли нитрафен пуркаш яхши натижа беради.