ЭКОСИСТЕМА

ЭКОСИСТЕМА (юн. уй, яшаш жойи ва система) , экологик система — биргаликда яшайдиган организмлар ва улар яшайдиган шароит мажмуи. Эла унинг таркибий қисмлари ўзаро қонуний боғланган. «Экосистема» терминини инглиз ботаниги А. Тенсли таклиф этган (1935). А. Тенсли таъбирича, экология нуқтаи назаридан Экосистема ер юзидаги табиий бирлик бўлиб, унга барча организмлар билан бир қаторда физик омиллар мажмуи, яъни биомуҳит (кенг маънода яшаш муҳити) омиллари мажмуи ҳам киради. Олим Экосистемада улар таркибига кирувчи организмлар ҳамда организмлар билан анорганик муҳит ўртасида ҳар хил тарзда моддалар алмашинуви бўлиб туришини кўрсатган.

«Экосистема» тушунчасини ҳар хил мураккабликдаги ва ўлчамдаги объектларга нисбатан қўллаш мумкин. Мас, ҳовуз, кўл Э. си билан бирга соҳил бўйи ўсимликлари ёки сув туби Экосистема сини кўрсатиш мумкин. Ўрмон ҳам Экосистема, унинг чегарасида ҳар хил типдаги тупроқлар, чириётган тўнкалар, тўшалма ва бошқалар Экосистемани ажратиш мумкин. Кўпинча «Экосистема» тушунчасига тирик организмлар билан улар яшайдиган муҳитнинг нотирик компонентлари тарзида қаралади. Экосистеманинг тирик ва нотирик компонентлари ўртасида продуцентлар, консументлар ва редуцентлар иштирокида моддаларнинг биотик айланиши содир бўлиб туради. Экосистема терминини сунъий Экосистема (қ. х. далалари, боғлар, хиёбонлар, оқова сувларни биологик тозалайдиган иншоотлар ва бошқалар) га нисбатан ҳам қўллаш мумкин. Экосистема ўзига хос хусусиятларни узоқ вақт давомида сақлаб турадиган ўта турғун ёки қисқа муддатли (мас, эфемер сув ҳавзалари, кўлмак сувлар) бўлиши мумкин. Мураккаблик даражасидан қатъи назар Экосистема турлар таркиби, унга кирадиган организмлар сони, биомассаси, айрим трофик гуруҳлар нисбати, органик моддаларнинг ҳосил бўлиши ва парчаланиш жараёнларининг тезлиги билан тавсифланади. Экосистема чегараси ва уларда кечадиган моддалар айланиши жараёнлари турли даражада рўй беради. Экосистема атроф муҳитдан фақат энергия эмас, балки кўп ёки оз миқдорда моддалар келиб тургандагина мавжуд бўлади. Барча Экосистема биргаликда ер биосферасини ташкил этади.

20-аср ўрталарига келиб экологик муаммоларнинг кескинлашуви натижасида Экосистеманинг функционал хусусиятларини ўрганиш бўйича тадқиқотлар кенг миқёсда олиб борила бошланди. Экосистема структураси, маҳсуддорлиги ва турғунлигини тушуниб олиш учун улардаги трофик боғланишни ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Трофик боғланишлар орқали Экосистемада моддаларнинг биологик трансформацияси амалга ошади. Замонавий методлар, хусусан, Экосистемани математик моделлаштириш орқали бу жараёнлар интенсивлиги ва самарадорлигини миқдорий жиҳатдан аниқлаш табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ва одам яшайдиган муҳитни сақлаб қолиш масалаларини ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга. Кўп ҳолларда биогеоценоз термини ҳам Экосистема термини синоними сифатида ишлатилади.

Ад.: Эргашев А., Умумий экология, Т., 2003; Тўхтаев А., Экология, Т., 2000; Экологические системи, пер. с. анг., М., 1981.