ЭКОЛОГИЯ СОҲАСИДАГИ ЖИНОЯТЛАР

ЭКОЛОГИЯ СОҲАСИДАГИ ЖИНОЯТЛАР — табиатдан фойдаланиш ва атроф муҳитни муҳофаза қилишга қарши жиноятлар. Экология инсонни табиат билан боғлаб турадиган ижтимоий ҳолатдир. Бундай боғликлик, ўз навбатида, ғайриқонуний хаттиҳаракатлар орқали ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқариши мумкин. Бу хилдаги ҳуқуқбузарликлар Экология соҳасидаги жиноятлар сж. нинг ҳам келиб чиқишига сабаб бўлади.

Ўзбекистонда табиат бойликларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишга оид қонунқоидалар, юридик нормалар ишлаб чиқилган. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида «Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар» (50-модда), деб қайд этилган. Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси (1998 йил 30 апр.), «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида» (1992 йил 9 дек.), «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида» (2004 йил 3 дек.), «Ер ости бойликлари тўғрисида» (2002 йил 13 дек.), «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида» (1996 йил 27 дек.), «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида» (1993 йил 6 май), «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида» (1997 йил 26 дек.), «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида» (1997 йил 26 дек.), «Давлат ер кадастри тўғрисида» (1998 йил 28 авг.), «Ўрмон тўғрисида» (1999 йил 15 апр.) ги ва бошқалар қонунларда экология соҳасидаги ҳуқуқий нормалар ўз ифодасини топган. Ўзбекистон Республикасининг ЖКда биринчи марта Экология соҳасидаги жиноятлар алоҳида бобга ажратидди (193 — 204-моддалар). Уларга қуйидагилар киради: экология хавфсизлигига оид нормалар ва талабларни бузиш; атроф табиий муҳитнинг ифлосланганлиги тўғрисидаги маълумотларни қасддан яшириш ёки бузиб кўрсатиш; атроф табиий муҳитнинг ифлосланиши оқибатларини бартараф қилиш чораларини кўрмаслик; атроф табиий муҳитни ифлослантириш; ер, ер ости бойликларидан фойдаланиш шартларини ёки уларни муҳофаза қилиш талабларини бузиш; экинзор, ўрмон ёки бошқа довдарахтларга шикаст етказиш ёки уларни нобуд қилиш; ўсимликлар касалликлари ёки зараркунандаларига қарши қураш талабларини бузиш; ветеринария ёки зоотехника қоидаларини бузиш; зарарли кимёвий моддалар билан муомалада бўлиш қоидаларини бузиш; ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш; сув ёки сув ҳавзаларидан фойдаланиш шартларини бузиш; алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг тартибини бузиш. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги жиноятлар ва бошқа ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиёти ҳакида»ги қарори (1996 йил 20 дек.)да Экология соҳасидаги жиноятлар учун жавобгарлик тўғрисидаги қонунларни қўллаш бўйича зарур тушунтиришлар берилган. Табиий муҳитни асраш, табиат бойликларидан оқилона фойдаланиш нафақат миллий, балки умуминсоний мажбурият ҳисобланади ва бу табиат комплекслари ҳамда айрим объектларнинг муҳофазасини таъминлашга, фуқароларнинг қулай атроф муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини кафолатлашга қаратилгандир.

Ад.: Нигматов А., Экология нима, Т., 2002.

Мирзаюсуф Рустамбоев.