ЭКОЛОГИК МУВОЗАНАТ

ЭКОЛОГИК МУВОЗАНАТ — инсон, ўсимлик ва ҳайвонлар учун зарур бўлган табиий шароитлар мувозанати. Маълумки, табиат компонентлари бирбирлари билан узвий боғланган, доим ўзаро алоқада ва таъсирдадир. Улар компонентлар ўртасида муттасил равишда рўй бериб турадиган модда ва энергия алмашинуви оқибатида ҳосил бўлади ва табиатнинг бир бутунлигини таъминлайди. Табиат компонентлари ўртасидаги бундай ўзаро таъсир ва алоқалар узоқ геологик даврлар мобайнида ривожланиб, турли жойларда турли экосистемаларни шаклланишига олиб келган. Экосистемаларда модда ва энергиянинг кириб келиши билан чиқиб кетиши ўртасида динамик тенглик (баланс) юзага келган. Бундай тенглик ёки мувозанат экосистемани сифат жиҳатдан маълум бир ҳолатда узоқ муддат мавжуд бўлиб туришини таъминлайди.

Экологик мувозанат 2 хил бўлиши мумкин: компонентлараро Экологик мувозанат — экосистема компонентлари ўртасидаги тенгликка асосланади; ҳудудий Экологик мувозанат — бирор ҳудудда интенсив ва экстенсив тарзда фойдаланиладиган жойларнинг айрим нисбатлари асосида юзага келиб, шу ҳудуднинг Экологик мувозанатнинг бузилмаслигини таъминлайди.