ЭКЛЕКТИЗМ

ЭКЛЕКТИЗМ, эклектика (юн. — танловчи) — турли хил, ҳатто бир-бирига қарама-қарши қараш, ғоя, назарияларнинг «энг яхшиси»ни танлаб олишга интилиш. Дастлаб сўнгги юнон фалсафасида пайдо бўлган. «Эклектизм» терминини александриялик Потамон (2-аср) қўллаган ва ўз мактабини эклектик мактаб деб атаган. Эклектик тафаккур усулида нарса ва ҳодисаларнинг муҳим ва муҳим бўлмаган, асосий ва асосий бўлмаган хусусиятлари, улар ўртасидаги боғланишлар юзаки равишда бирлаштирилиб, қориштирилиб ифодаланади. Нарса ва ҳодисаларга, уларнинг боғланишларига аниқ, муайян макон ва замонда, муайян вазият ва шартшароитда ёндашмаслик, улардаги асосий ва иккинчи даражали томонларни ҳисобга олмаслик асосида эклектик тафаккур усули пайдо бўлади. Тасвирий санъат ва меъморликда Эклектизм турлитуман, ўзаро номувофиқ бадиий унсурларни бирлаштиришдир. Одатда, йирик бадиий йўналишларнинг инқирози даврига хос. Эклектизм хусусиятлари, жумладан, қадимий Рим санъатининг сўнгги даври (Юнонистон, Миср, Олд Осиё ва бошқалар санъатида ўзлаштирилган шакллар қўшилиши)да кўзга ташланади. Уйғониш даврининг буюк намояндалари ижодининг энг яхши томонларини қўшиб мукаммалликка эришиш мумкин деб ҳисоблаган Болонья мактаби вакиллари ҳам Эклектизмга мойил бўлган. Эклектизм турли услубларнинг шаклларини тўғридантўғри қўллаған 19-аср 2-ярми меъморлиги (айниқса, интерьерларни безаш) учун ҳам хос бўлган, бироқ унинг меъморий ва безак Э. и ўзининг кенг кўлами, моҳияти эътибори билан яхлит бир «модерн» услубини шаклланишига муҳим таъсир кўрсатди. 20-аср ўрталаридан Эклектизм анъаналари Ғарбий Европа ва Америка бадиий маданиятида кенг тарқалди.