ЭКЛАМПСИЯ

ЭКЛАМПСИЯ (юн. — чақнаш) — ҳомиладорлик токсикозларининг хавфли шакли. Биринчи марта бўйида бўлган, аксари эгиз ҳомиладорлик ёки буйрак, юрактомир касалликлари бор аёлларда ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида, кўпинча сўнгги ойларида вужудга келади. Эклампсиянинг асосий белғиси тутқаноқ тутишидир. Эклампсиядан аввал нефропатия ва преэклампсия аломатлари (қаттиқ бош огриши, кўз хиралашиши, кўз олди жимирлашиши, қон босими кўтарилиши, сийдикда оқсил кўпайиши, уйқусизлик, бетоқатлик ва бошқалар) намоён бўлади. Эклампсияда тутқаноқ тутади, бемор ҳушдан кетади. Эклампсия ҳомиладорликда, асосан, туғруқ вақтида, баъзан чилла даврит ҳам учрайди. Тутқаноқ бошланганда дастлаб беморнинг юз мускуллари «учади», қовокдари юмилиб, лаб бурчаклари осилиб кетади. Сўнг бутун гавда мускуллари қисқариб, тана таранглашади, бемор ҳушдан кетиб, баъзан нафас олмай қолади, кўкаради (тоник талваса). Кейин юз, тана ва қўлоёқ мускуллари тортишиб қисқаради (клоник талваса), бемор нафаси қисиб хириллайди, оғзидан кўпик келади, ётган жойида ўзини кўтарибкўтариб отади. Тиришиш тўхтагач, аёл бир неча вақт кома ҳолатида (беҳуш) ётиб, секин-аста ўзига келади. Оғирроқ ҳолларда Эклампсия тутқаноқсиз кечади (коматоз шакли). Баъзан Эклампсия аломатлари рўйрост кўзга ташланмайди, уларни вақтида аниқлаш анча қийин. Шу сабабли у гўё бехосдан пайдо бўлгандек бўлади. Тутқаноқ тутганда беморнинг бирор жойига шикаст етиб қолмаслик чорасини кўриш лозим; у тилини тишлаб олмаслиги учун оғзига бандига дока ўралган қошиқ солиб қўйилади; тутқаноқ хуружи ўтиб кетгач беморнинг сўлаги нафас йўлларига тушмаслиги учун оғзини тоза салфетка билан артиб олинади. Эклампсияда ўпка шишиши ёки мияга қон қуйилиши туфайли аёл, плацентанинг ўрнидан кўчиши, бачадонга қон қуйилиши туфайли эса ҳомила нобуд бўлиши мумкин.

Давоси. Марказий нерв системаси фаолиятини нормаллаштирувчи, қон босимини пасайтирувчи, сийдик ажралишини кучайтирувчи доридармонлар, кислород, парҳез буюрилади. Олдини олиш: ҳомиладорликнинг илк токсикозларини ўз вақтида даволашдан иборат.

Ад.:Қодирова А., Ҳомиладорликтоксикозлари, Т., 1994.