ЭККЛЕСИЯ

ЭККЛЕСИЯ (юн.) Юнонистонда халқ мажлисининг энг кўп тарқалган номи. Демократик полисларда (мас, мил. ав. 5-аср ўртасида Перикл давридаги Афинада) Экклесия — қонун чиқариш, ижроия ва суд ҳокимиятига эга бўлган давлатнинг олий органи; мансабдорларни сайлаб уларни доимо назорат остига олган Экклесия таркиби мулкий ценз белгилари орқали фуқаролар орасидан танлаб олинган. Одатда, Экклесия ўз вазифасини буле — Э. муҳокамаси учун олдиндан саволлар тайёрлаб қўядиган кенгаш билан амалга оширган. Бир қатор юнон полисларида халқ мажлислари махсус номлар билан аталган: Спартада — апелла, Дельфа ва Фессалия шаҳриларида — агора, Аргос, Эпидавр, Гел, Акрагантда — алия. Сўнгги давр антик ёзувчилари асарларида халқ мажлислари ўтказиладиган жой ҳам Экклесия деб аталган. Христианликда Экклесия деб диндорлар жамоаси, баъзан бутун черков тушунилган.