ЭҲТИРОС

ЭҲТИРОС — бутун вужудни қамраб олувчи кучли кўтаринкилик туйғуси; узлуксиз, давомли, барқарор ҳиссий ҳолат. Эҳтироснинг намоён бўлиши, кечиши ва кучайишининг сабаблари хилмахил. Унинг негизида одамнинг онгли эътиқоди, шахсий ғоясини рўёбга чиқариш истаги, ўз қарашларини амалда қарор топтириш хоҳиши ётади. Жўшқин туйгулар, табиат гўзаллигига ошнолик ҳисси, спортга ишқивозлик, шаҳвоний мойиллик, шунингдек, қимор, гиёҳвандликка берилиш, диний фанатизм Э. нинг омиллари бўлиши мумкин. Эҳтироснинг келиб чиқишига баъзи руҳий хасталик (шубҳаланиш, алаҳсираш, кўзга алланарсаларнинг кўриниши, қўрқув кабилар)даги ҳиссий ҳолатлар сабаб бўлади. Эҳтирос фаол ҳаракатга туртки беради, хиссий ва иродавий хислатларни уйгунлаштиради. Шахснинг маънавий, ақлий, ахлоқий, жисмоний фазилатлари қўшилиб буюк ишлар, юксак жасорат, тенгсиз кашфиётга етаклайди. Эҳтирос инсонни ўз олдига қўйган мақсадини рўёбга чиқаришга бутун ғайратини сафарбар этувчи кўринишга эга. Меҳнат қилишга, билим олишга интилиш, жасорат, фидойилик — ижобий Эҳтирос намунаси бўлса, шахсиятпарастлик, ҳирсга берилиш, қасоскорлик, ҳуқуқтартиботни бузишга қаратилган ҳаракат салбий Эҳтиросга мисол бўлади.

Эргаш Ғозиев.