ЭҲТИМОЛЛИК

ЭҲТИМОЛЛИК (математикада) — тасодифий ҳодисанинг муайян, исталганча кўп марта такрорланиши мумкин бўлган шартларда рўй бера олиши даражасининг миқдорий характеристикаси. «Эҳтимоллик» тушунчаси оммавий тусдаги жараёнларнинг ҳодисалари учун характерли бўлган махсус тур боғланишлар ва муносабатларни акс эттирувчи фалсафий категориядир. Эҳтимолликнинг «классик» таърифига кўра, у шу ҳодиса учун «қулай» имкониятлар сонининг барча «тенг имтиёзли» имкониятлар сонига нисбатига тенг.