ЭГЕЙ МАДАНИЯТИ

ЭГЕЙ МАДАНИЯТИ, Критмикен маданияти — Киклад, Крит о., Юнонистоннинг материк қисми ва Кичик Осиё (Ғарбий Анадолу)даги жез даври тамаддунининг умумий номи (мил. ав. 3—2минг йиллик). Унинг асосий марказлари Микен (Г. Шлиман) ва Крит (А. Эванс) даги қазишмалар натижасида очилган. Бир қанча локал археологик маданиятларга ажратилган: Критдаги маданият, оролнинг афсонавий подшоси Миноснинг номи билан Миной маданияти деб аталган; Юнонистон материк қисмининг турли қисмидаги маданиятлар — фессалия, македон, эллада маданиятлари; Кичик Осиёдаги — ғарбий анадолу маданияти; Кикладдаги — киклад маданияти деб ном олган. Эгей маданияти 3 даврга бўлинади: илк (эллада маданияти учун — мил. ав. 3000 — 2100/1900 йиллар, миной маданияти учун — мил. ав. тахм. 3000—2200 йиллар), ўрта (тегишли равишда, мил. ав. тахм. 2100/1900—1580 йил ва мил. ав. тахм. 2200—1700 йиллар), сўнгги (тегишли равишда, мил. ав. тахм. 1580 — 1200 йиллар ва мил. ав. тахм. 1700 — 1150 йиллар). Ғарбий Анадолу ва Ўрта Юнонистон маданиятлари маҳаллий неолит даври маданияти, Эгей денгизи шаркий қисмидаги ороллар маданияти асосида вужудга келган ва Троя маданияти таъсирида тарақкий этганлар. Эгей маданияти нотекис ривожланган. Унинг марказлари турли даврда юксалиш ва таназзул даврини кечирган.

Инглиз археологи А. Эванс Эгей маданияти бўйича тадқиқот ишлари олиб бориб, кўп жилдли илмий асарлар яратган. Эгей маданиятига оид пиктографик ёзувларни ўрганган.

Эгей маданиятига оид обидалар маҳаллий аҳолининг Миср ва Одд Осиё билан яқин алоқада бўлганини кўрсатади (Миср ва Сурияда Эгей санъати ёдгорликлари, Крит о. да эса Миср ва Олд Осиё санъати намуналари топилган). Крит санъати ўзига хослиги билан ажралиб туради. Эгей маданиятининг муҳим марказларидан бири Кнос шаҳридаги Ҳукмдорлар саройи (тахм. мил. ав. 2000 йилдан сўнг) қолдиқлари сақланган. Сарой мураккаб тарҳли (16 минг м2 га яқин майд. ни эгаллаган), кўп марта қайта қурилган, 3 қаватли бўлиб, хоналар устунли, тор ҳовлили, юқори қаватларга зинапоялардан чиқилган. Мил. ав. 2-минг йилликнинг 1-ярмига мансуб кичик сарой, подшо вилласи, карвонсарой, 2—3 қаватли турар жойлар қазиб ўрганилган. Кнос, АгиаТриадада минерал бўёқ билан ишланган фреска қолдиқлари топилган, уларда акробатика ўйинлари, суҳбатлашаётган аёллар, ҳайвон, ўсимликлар акс эттирилган. Айниқса, Крит ваза рассомлиги диққатга сазовор. Суяк ҳайкалчалар кўп ишланган. Мил. ав. 3-минг йиллик ва 2-минг йилликнинг бошларида Кикладда мармар аёл ҳайкалчалари ишлаш, сопол идишлар санъати ривожланган. Тиринф акрополи — мустаҳкамланган тепалик (мил. ав. 2-минг йилликнинг ўрталари) да бино қолдиқлари сақланган; бу бино қадимий юнон ибодатхоналарига намуна бўлгани кўринади. Деворий расмларда жанг лавҳалари акс эттирилган. Микенда рельеф билан безатилган «Шердор дарвоза», усти тупроқ билан гумбазсимон қилиб ёпилган мақбара сақланган. Мақбаралардан топилган олтин ва кумуш безак буюмлари заргарлик ривожланганлигидан дарак беради. Мил. ав. 2-минг йилликнинг охирларида дорий қабилалари ҳужуми оқибатида Эгей маданияти марказлари вайрон қилинган. Эгей санъати юнон санъатига самарали таъсир кўрсатган.