ЭФИР МОЙЛИ ЭКИНЛАР

ЭФИР МОЙЛИ ЭКИНЛАР — эфир мойлари олиш учун етиштириладиган экинлар гуруҳи; техника экинлари. Айрим органлари (гули, уруғи, меваси, пояси, илдизпояси, барги ва бошқалар) ёки танасида эфир мойлари (хушбўй моддалар) тўплайди. Эфир мойли экинларнинг дарахт, бута ва бир ва кўп йиллик ўтлар турлари бор. Улар тропик, субтропик минтақаларда кўп тарқалган, мўътадил иқлимли ҳудудларда ҳам экилади. Узбекистонда эфир мойли ўсимликларнинг 50 оилага кирувчи 233 тури мавжуд, лекин айримлари (арпабодиён, жамбил, кашнич, қора зира, ялпиз ва бошқалар) махсус экилади. Эфир мойли экинлар баъзи турларининг меваси ва барги таркибида 1,5% дан 6—7% ва ундан ортиқ эфир мойи (атенол, ментол, евгенол ва бошқалар), шунингдек, 11—27% техник мой бор. Жаҳон деҳқончилигида Эфир мойли экинлардан атиргул, ёронгул, лаванда, ялпиз асосий аҳамиятга эга. Ўсимликларнинг хушбўйлиги эфир мойларининг миқдори, таркиби ва сифатига боғлиқ.