ЭФФЕКТОРЛАР (лот. — яратувчи, ижод қилувчи) — 1) физиологияда фаолияти рефлекс билан боғлиқ бўлган ижрочи орган; организмнинг қўзғатувчига нисбатан жавоб реакциясини таъминлайди. Эффекторларга мускуллар, безлар, буйрак, электр ва бошқалар органлар киради. Одатда, рефлекс полиэффектор хусусиятга эга бўлиб, унинг амалга оширилишида бирданига бир неча хил Эффекторлар қатнашади. Бу ҳол рефлекснинг тавсифи ва унинг биологик моҳияти билан боғлиқ (мас, жисмоний меҳнат қилинганида — мускуллар, юрак, қон томирлари, ички секреция безлари ва бошқалар органлар фаоллашади). Эффекторлар ишини рефлекснинг нерв марказлари бошқаради. Онтогенез ва филогенезда марказий бошқарилиш механизми ҳам такомиллашиб боради; 2) биокимёда — моддалар алмашинувининг ферментларга таъсир кўрсатадиган ва улар фаолиятини кучайтирадиган ёки камайтирадиган маҳсулотлари;
3) генетикада — репрессор билан бирикиб, унинг операторга таъсирини бошқарадиган қуйи молекулали моддалар. Агар Эффекторлар репрессорга бирикканида репрессорнинг операторга таъсири тўхтаб, оператор транскрипцияси давом этадиган бўлса, уни индуктор деб аталади. Агар Эффекторлар фаол бўлмаган репрессорга бирикиб, уни операторга таъсир кўрсатадиган ва оператор транскрипциясини тўхтадиган фаол шаклга ўтказса, унга корепрессор дейилади (яна қ. Репрессор).