ЭФЕМЕРИДА

ЭФЕМЕРИДА (юн.) — астрономик кундалик жадвал. Э. да Қуёш, Ой, катта сайёралар, уларнинг йўлдошлари, кичик сайёралар ва бошқаларнинг маълум йил, кун ва соатлар учун олдиндан ҳисобланган кўринма координаталари ва бошқалар маълумотлар берилади. Эфемерида маълумотлари астрономияда қабул қилинган махсус эфемерид вақти асосида ҳисоблаб топилади. Осмон жисмларининг Эфемерида ларини билиш уларни олдиндан йилнинг қайси вақтида кузатиш қулайлигини аниқлаш ва кузатиш дастурларини тузишда катта аҳамиятга эга. Кузатишлар ва текширишлар ўтказилгач, олинган маълумотлар дунё вақтида эълон қилинади, кейинги Эфемерида ларга тузатишлар киритилади.