ЭДУАРД

ЭДУАРД — инглиз қироллари номи: Эдуард I (1239.17.6 1307.7.7) 1272 йилдан қирол. Плантагенетлар сулоласидан. Отаси қирол Генрих III вафотидан сўнг тахтга чиққан. Эдуард1 даврида парламентни мунтазам чақириб туриш амалиёти жорий қилинган, бу Англияда табақавийвакиллик монархияси шаклланаётганидан дарак берган. Эдуард1 даврида Уэльс зўрлик билан Англияга қўшиб олинган (1284). Эдуард1 нинг Шотландияни босиб олиш учун қилган ҳаракатлари (1286 йилдан бошлаб) шотланд халқининг қаттиқ қаршилигига дуч келган. Эдуард1 Шотландияга навбатдаги юриши чоғида вафот этган.

Эдуард III (1312.13.11-1377.21.6) — 1327 йилдан қирол. Плантагенетлар сулоласидан. Дастлабки йилларда барча ҳокимият бева қиролича Изабелла ва унинг жазмани Мортимер қўлида бўлган. 1330 йилдан мустақил ҳукмрон. 1337 йил Францияга уруш эълон қилган (қ. Юз йиллик уруш).

Эдуард IV (1442.28.1-483.9.4) 1461— 83 йилларда қирол (1470 йил октябр — 1471 йил апр. дан ташқари). Йорклар сулоласининг 1-вакили. Қизил ва Оқ гуллар уруши жараёнида Генрих VI Ланкастерни тахтдан ағдариб ҳокимиятни эгаллаб олган. Қироллигининг дастлабки даврида давлат ишларида граф Уорвикнинг роли катта бўлган. Бироқ Эдуарднинг мулкдор зодагонлар мавқеини пасайтиришга бўлган ҳаракати натижасида Уорвик ва бошқалар ланкастерлар томонига ўтиб кетган. 1470 йил октябрда Эдуард тахтдан туширилган. 1471 йил апр. да Барнет ва май ойида Тьюксбери ёнида ланкастерлар қўшинини енгиб тахтни қайта эгаллаган. Эдуард сиёсатида, асосан, ўрта дворянларга таянган. йирик мулкдорларнинг ерларини мусодара қилган. Инглиз саноати (асосан. жун тўқиш ва савдо)ни қўллаб-қувватлаш сиёсатини юргизган.

Эдуард VI (1537.12.10-1553.6.7) — 1547 йилдан қирол. Тюдорлар сулоласидан. Генрих VIII ва унинг 3хотини Жейн Сеймурнинг ўғли. Тахтга 9 ёшида ўтирган. Болалиги туфайли давлат ишларига мутлақо аралашмаган, асосан, илоҳиёт ва қадимий тилларни ўрганиш билан шуғулланган. Давлатни бошқариш протекторлар (васийлар) — Э. VI нинг тоғаси герцог Сомерсет, сўнгра (1549 йилдан) — граф Уорвик қўлида бўлган.

Эдуард VII (1841.9.11-1910.5.5)1901— 10 йилларда қирол. Онаси қиролича Виктория вафотидан сўнг тахтга ўтирган. Антантани тузишда фаол қатнашган. Ички сиёсатда сезиларли роль ўйнамаган.

Эдуард VIII (1894.16.7-1972.28.5)1936 йил 20 янв. — 11 дек. да қирол. Отаси қирол Георг V вафотидан кейин тахтга чиққан. Бир неча ойдан сўнг тахтдан воз кечган. Эдуарднинг тахтдан воз кечиши билан боғлиқ «сарой кризиси» Буюк Британия ҳукмдор доиралари орасидаги зиддиятларни акс эттирган. 1936 йил 12 дек. да Виндзор герцоги унвонини олган. 1940—45 йилларда Багама о. лари генерал-губернатори. Ҳаётининг сўнгги даврини Францияда ўтказган.