ЭДДИНГТОН Артур Стэнли

ЭДДИНГТОН Артур Стэнли (1882.28.12, Кендал, Уэстморленд — 1944.22.11, Кембриж) — инглиз астрономи ва физиги. Лондон Қироллик жамияти аъзоси (1914 йилдан). Кембриж ун-ти расадхонаси директори (1914 йилдан), Лондон Қироллик астрономия жамияти (1921—23) ва Халқаро астрономия иттифоқи президенти (1938—44). Асосий илмий ишлари астрофизика, космология ва нисбийлик назариясига оид. Эддингтон юлдузлар ҳаракатини ўрганган, уларнинг ички тузилиши назарий асосларини ишлаб чиққан, биринчи марта ёрқинлик мувозанати назариясини юлдузлар орасида қўллаган. Юлдузларнинг ёрқинлиги уларнинг массасига боғлиқ эканлигини аниқлаган. Эддингтон биринчи бўлиб мувозанатда бўлган юлдузларнинг моделини ҳисоблаган.