ЭЧМИАДЗИН

ЭЧМИАДЗИН (1945 йилгача Вагаршапат) — Арманистондаги шаҳар, Арарат текислигида, Эчмиадзин т. й. станциясидан 15 км, Еревандан 20 км. Аҳолиси 60,5 минг киши (1998). Шаҳар мил. ав. 2-асрдан Вардкесаван номи билан маълум. 2-асрнинг 2-ярми — 4-асрларда Арманистоннинг пойтахти. Машинасозлик, кимё (пластмасса з-ди), озиқ-овқат (вино кти, консерва з-ди) саноатлари мавжуд. Ўлкашунослик музейи, Арманистон давлат картиналар галереясининг филиали, арман шоири И. М. Иоаннисян уймузейи ва бошқалар музейлар бор. Меъморий ва тарихий ёдгорликлардан Собор (303 йил, 5 ва 7-асрларда қайта қурилган) ва унинг қўнғироқхонаси (17-аср), черковлар сакланган. Эчмиадзин ёнида армангригориан черкови маркази ҳамда католикос резиденцияси жойлашган. Монастирь мажмуасида меҳмонхона (18-аср), католикос уйи (18-асрнинг 1-ярми), мактаб (1813), тош ҳовуз (1846) ва бошқалар бор. Эчмиадзин ёнида Звартноц ибодатхонаси харобалари (641—661) мавжуд. Собор ичида ўрта аср декоратив санъатининг ноёб коллекцияси асарлари намойиш этилган музей бор. Туризм ривожланган.