ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА
КОМБИГРИПП ДЕКСА
COMBIGRIP DEXA
Препаратнинг савдо номи: Комбигриппп Декса
Таъсир этувчи моддалар (ХПН): парацетамол, фенилэфрин гидрохлориди, хлорфенирамин малеати, кофеин, декстрометорфан гидробромиди.
Дори шакли: таблеткалар
Таркиби:
Ҳар бир таблетка қуйидагиларни сақлайди:
фаол моддалар:
парацетамол 500 мг;
кофеин (сувсиз) 30 мг;
фенилэфрин гидрохлориди 10 мг;
хлорфенирамин малеати 2 мг;
декстрометорфан гидробромид 10 мг;
ёрдамчи моддалар: микрокристалл целлюлоза, маккажўхори крахмали, повидон (ПВП К-30), натрий метилгидроксибензоати (метилпарабен), натрий пропилгидроксибензоати (пропилпарабен), тозаланган тальк, магний стеарати, натрий крахмал гликоляти (А тури), сариқ хинолин бўёвчиси, бриллиант кўки бўёвчиси, тозаланган сув.
Таърифи: овал шаклли, бир томони рискали, ҳар иккала томонида S ва L гравировкаси бўлган, қобиқ билан қопланмаган, доғлари бўлган яшил рангли таблеткалар.
Фармакотерапевтик гуруҳи: шамоллаш касалликлари ва грипп симптомларини бартараф қилиш учун қўлланадиган восита.
АТХ коди: N02BE51.
Фармакологик ҳусусиятлари
Парацетамол оғриқни қолдирувчи ва иситмани туширувчи таъсир кўрсатади. Оғриқни қолдирувчи таъсир механизми, асосан гипоталамусдаги терморегуляция марказида простагландинлар синтезини ингибиция қилиши билан боғлиқ. Парацетамолнинг иситмани туширувчи таъсири, терморегуляциянинг гипоталамик марказларига тўғридан-тўғри таъсири билан боғлиқ, бунинг натижасида қон-томирларни кенгайиши ва тер ажралиб чиқишини кучайиши туфайли, иссиқликни чиқарилиши кучаяди.
Фенилэфрин гидрохлориди (синоними мезатон): симпатомиметик амин бўлиб, қон-томирлардаги α-адренорецепторларнинг стимулятори ҳисобланади, юракдаги β-адренорецепторларига кам таъсир кўрсатади. Артериолаларни торайиши ва артериал босимни ошишини чақиради. Кўз қорачиғини кенгайтиради ва глаукомада кўз ички босимини пасайтириши мумкин. Препаратнинг мидриатик таъсири атропинга нисбатан камроқ давом этади. Нафас олиш йўлларининг шиллиқ қаватидаги α-адренергик рецепторларига таъсир қилиб, қон-томирларни торайтиради. Бу эса яллиғланиш натижасида юзага келган бурун йўлларининг шиллиқ қавати шишини вақтинчалик камайтиради.
Хлорфенирамин малеати: Н1-гистамин рецепторларининг антагонисти бўлиб, аллергияни даволашда қўлланади. Эффектор ҳужайраларининг Н1-рецепторлари учун гистамин билан рақобатлашиб, улар орқали амалга ошириладиган гистаминнинг таъсирини (тўқималар шиши ва капиллярлар ўтказувчанлигини ошиши) бартараф қилади, аммо улар ривожланган бўлса, унинг таъсир самарасини йўқотмайди. Препарат таркибида у бурун битишини, тумов ва аксиришни қўшимча равишда камайишини таъминлайди.
Кофеин марказий нерв тизимига, толиқиш ва уйқучанликни камайтиришга, ақлий ва жисмоний иш қобилиятини оширишга олиб келадиган, рағбатлантирувчи таъсир кўрсатади.
Декстрометорфан йўталга қарши таъсирга эга. Йўтал марказини қўзғалишини сусайтириб, турли сабаблар билан ривожланган йўтални бостиради.
Фармакокинетикаси
Парацетамол ичга қабул қилинганида яхши ва тез сўрилади. Плазмада чўққи концентрациясига 30-90 минутдан кейин эришади. Организмнинг деярли барча тўқималарига киради, йўлдош орқали осон ўтади ва кўкрак сути билан ажралиб чиқади. Жигарда метаболизмга учрайди, метаболитлари фармакологик жиҳатдан фаол эмас, аммо тўпланганида жигар некрозига олиб келиши мумкин. Буйраклар орқали асосан метаболитлари кўринишида чиқарилади. Ярим чиқарилиш даври 1,5 соатдан 3 соатгача бўлган вақт оралиғида ўзгаради. Жигар фаолияти бузилганида препаратни организмдан чиқарилиши секинлашади, бу метаболитларини организмда тўпланишига олиб келади.
Ичга қабул қилинганида жигар орқали биринчи марта ўтиш самараси ва моноаминооксидаза томонидан меъдада парчаланиши туфайли, фенилэфрин гидрохлоридининг биологик фаоллиги пасаяди. Биотрансформацияси меъда-ичак йўлларида ва жигарда юз беради. Буйраклар орқали чиқарилади.
Хлорфенирамин малеати ичга қабул қилинганидан сўнг меъда-ичак йўлларидан яхши сўрилади. Оқсиллар билан боғланиши – юқори (72%). Биотрансформацияси жигарда, шунингдек буйракда кечади. Ярим чиқарилиш даври – 14-25 соатни ташкил қилади. Организмдан буйраклар орқали метаболитлари кўринишида чиқарилади.
Кофеин ичга қабул қилинганидан сўнг тез сўрилади ва организмга яхши тақсимланади. Плазмада максимал концентрацияга бир соатдан сўнг эришилади, ярим чиқарилиш даври тахминан 3,5 соатни ташкил қилади.
Декстрометорфан ичга қабул қилинганидан сўнг меъда-ичак йўлларида тўлиқ сўрилади, жигарда метаболизмга учрайди. Қон плазмасида Сmax га 2 сотдан кейин эришилади. Декстрометорфаннинг тахминан 45% сийдик билан чиқарилади.
Қўлланилиши
Тумов, бурунни битиши, бош оғриғи, иситма, эт увишиши, бўғимлар ва мушакларда оғриқ билан кечувчи шамоллаш касалликларида қўлланади.
Қўллаш усули ва дозалари
Болаларга: 6 ёшдан 12 ёшгача 1 таблеткадан кунига 1-2 марта буюрилади.
Катталарга: 1 таблеткадан кунига 3-4 марта буюрилади.
Ножўя таъсирлари
Кам ҳолатларда аллергик реакциялар (тери тошмаси, эритема, эшакеми), шунингдек бош айланиши, уйқуни бузилиши, юқори таъсирчанлик, кўнгил айниши, оғиз қуриши кузатилиши мумкин.
Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар
- Препаратнинг компонентларга юқори сезувчанлик;
- Ҳомиладорлик, лактация даври;
- Болаларга (6 ёшгача) қўллаш мумкин эмас.
Эҳтиёткорлик билан – глюкоза-6-фосфатдегидрогеназа танқислиги, қон касалликлари, жигар ва/ёки буйрак етишмовчилиги, ёпиқ бурчакли глаукома, простата безини хавфсиз гиперплазияси, артериал гипертензия, қалқонсимон без касалликлари, қандли диабет, бронхиал астмада эҳтиёткорлик билан қўлланади.
Дориларнинг ўзаро таъсири
Моноаминооксидаза (МАО) ингибиторлари, седатив препаратлар, этанолнинг самарасини кучайтиради.
Антидепрессантлар, паркинсонизмга қарши воситалар, антипсихотик воситалар, фенотиазин ҳосилалари сийдик тутилиши, оғизни қуриши, қабзиятни ривожланиш хавфини оширади.
Глюкокортикостероидлар глаукомани ривожланиш хавфини оширади. Парацетамол диуретик препаратларнинг самарасини пасайтиради. Хлорфенираминни моноаминооксидаза ингибиторлари, фуразолидон билан бирга қўллаш гипертоник криз, қўзғалувчанлик, гиперпирексияга олиб келиши мумкин. Трициклик антидепрессантлар симпатомиметик таъсирини кучайтиради, галотан билан бир вақтда қўллаш қоринчалар аритмиясини ривожланиш хавфини оширади. Гуанитидиннинг гипотензив таъсирини пасайтиради, у эса ўз навбатида фенилэфриннинг альфа-адреностимуляция қилувчи фаоллигини кучайтиради.
Махсус кўрсатмалар
Препаратни таркибида парацетамол сақловчи бошқа препаратлар билан бирга қабул қилиш мумкин эмас. Препарат билан даволаниш вақтида жигар, буйрак фаолиятини ва периферик қон манзарасини назорат қилиш керак. Препаратни қўллаш вақтида препаратнинг гепатотоксик таъсири кучайиши мумкинлиги туфайли, алкоголь истеъмол қилиш мумкин эмас.
Автотранспорт ва бошқа механизмларни бошқариш қобилиятига таъсири.
Ножўя самараларини ҳисобга олиб, транспорт воситалари ва ҳаракатланувчи механизмларни бошқаришда эҳтиёткорликка риоя қилиш керак.
Препарат болалар олаолмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати тугаганидан сўнг ишлатилмасин.
Дозани ошириб юборилиши
Симптомлари: аллергик реакциялар, бош оғриғи, психомотор қўзғалувчанлик, бош айланиши, кўнгил айниши, қусиш бўлиши мумкин.
Даволаш: меъдани ювиш, симптоматик даволаш ўтказилади.
Чиқарилиш шакли
8 таблетка блистерда. 1 блистер қўллаш бўйича йўриқномаси билан бирга картон қутида.
Сақлаш шароити
Қуруқ, ёруғликдан ҳимояланган жойда, 25oС дан юқори бўлмаган ҳароратда сақлансин.
Яроқлилик муддати
4 йил.
Дорихоналардан бериш тартиби
Рецепт бўйича.