ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА
ИНГАЛИПТ-ЗДОРОВЬЕ
INGALIPT–ZDOROVYE
Препаратнинг савдо номи: Ингалипт-Здоровье
Таъсир қилувчи модда (ХПН):
Дори шакли: оғиз бўшлиғи учун спрей.
Таркиби: 1 баллон 0,75 г эрувчи стрептоцид, 0,54 г натрий сульфатиазол сувсиз сульфатиазол натрийга қайта ҳисобланганда, 0,015 г тимол, 0,015 г эвкалипт мойи, 0,015 г ялпиз мойи сақлайди;
ёрдамчи моддалар: 96% ли этанол, қанд-рафинад, глицерин, полисорбат-80, тозаланган сув.
Таърифи: оч-сариқдан тўқ-сариқ ранглигача бўлган, ўзига хос ҳидли, тиниқ суюқлик.
Фармакотерапевтик гуруҳи: Респиратор тизимига таъсир этувчи моддалар. Томоқ касалликларида қўлланадиган препаратлар. Антисептиклар.
АТХ коди: R02АА20.
Фармакологик хусусиятлари
Препаратнинг фармакологик самаралари унинг таркибига кирувчи компонентларнинг таъсири билан белгиланади.
Эрувчи стрептоцид ва натрий сульфатиазол оғиз бўшлиғи ва ҳалқум касалликларини чақирувчи граммусбат ва грамманфий бактерияларга нисбатан антимикроб таъсир кўрсатади. Тимол антисептик, балғам кўчирувчи ва спазмолитик таъсирга эга. Эвкалипт мойи яллиғланишга қарши ва антисептик фаоллик намоён қилади. Шиллиқ қаватларига қўйилганида ялпиз мойи ўртача маҳаллий оғриқни қолдирувчи самара намоён қилади.
Препаратнинг кўрсатилган компонентларининг мажмуаси оғиз бўшлиғи ва юқори нафас йўллари шиллиқ қаватини яллиғланиш касалликларини мажмуавий патогенетик даволашни таъминлайди. Препарат яллиғланишга қарши, микробларга қарши ва замбуруғларга қарши самара кўрсатади; граммусбат ва грамманфий бактериялар, шунингдек Candida уруғи замбуруғларига нисбатан фаолдир.
Қўлланилиши
ЛОР-аъзолари ва оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватининг инфекцион-яллиғланиш касалликларини (тонзиллит, фарингит, ларингит, афтоз ва ярали стоматит) маҳаллий даволашда қўлланади.
Қўллаш усули ва дозалари
Катталар ва 3 ёшдан ошган болаларга препаратни 1-2 секунд давомида оғиз бўшиғига сепиб, чайиш йўли билан оғиз бўшлиғи ва бурун-ҳалқумининг шиллиқ қаватларига маҳаллий қўлланилади.
Катталарда чайиш суткада 3-4 марта ўтказилади.
Агарда шифокорнинг махсус кўрсатмаси бўлмаса, 3 ёшдан ошган болаларда чайиш суткада 1-2 марта ўтказилади.
Препаратни қўллашнинг давомийлиги касалликни кечишига боғлиқ ва одатда
3-10 суткани ташкил қилади.
Қўллашнинг давомийлиги ва тез-тезлигини шифокор томонидан шахсий белгиланади ва касалликнинг оғирлигига боғлиқ!
Баллондан фойдаланиш қоидалари.
- Баллондан ҳимоя қопқоқчаси ечилади.
- Олдиндан тозалигига ишонч ҳосил қилиб, учлик (пуркагич) баллон клапанининг штокига ўрнатилади.
- 1 минут давомида баллон чайқатилади ва дисперс оқим пайдо бўлгунича кўпи билан
5 марта босилади. Оқим бўлмаганида операция яна бир марта такрорланади. - Пуркагичнинг эркин учи оғиз бўшлиғига киритилади, баллонни вертикал ҳолда ушлаб туриб, пуркагичнинг бошчаси босилади. Пуркаш давомийлиги – 1-2 сек.
- Чайишни тугатиб, пуркагич баллон клапанининг штокидан олинади ва унинг ифлосланишини олдини олиш учун баллон ҳимоя қопқоқчаси билан ёпилади.
- Пуркагични тоза жойда сақлаш, ҳар куни илиқ сув оқимида ювиб, кейинчалик илиқ жойда қуритиш керак.
Ножўя таъсирлари
Одатда, препарат яхши ўзлаштирилади, аммо алоҳида ҳолларда:
Иммун тизими томонидан: аллергик реакциялар, шу жумладан ангионевротик шиш, бронхоспазм.
Тери томонидан: тошмалар, қичишиш, эшакеми, мулоқот жойида шиш.
Овқат ҳазм қилиш тизими томонидан: кўнгил айниши, қусиш, маҳаллий самаралар (оғизда ачишиш ҳисси, томоқда карашт ёки қичишиш).
Бошқалар: умумий ҳолсизлик, нафас олишни қийинлашиши кузатилиши мумкин.
Ҳар қандай нохуш кўринишлар ёки одатдаги бўлмаган реакциялар ривожланган ҳолда, препаратни кейинчалик қўллаш бўйича шифокор билан маслаҳатлашинг.
Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар
Препаратнинг компонентларига шахсий юқори сезувчанлик, анамнезида сульфаниламидларга оғир токсик-аллергик реакциялар мавжуд бўлганида қўллаш мумкин эмас.
Дориларнинг ўзаро таъсири
Агар Сиз ҳар қандай бошқа дори воситаларини қабул қилаётган бўлсангиз, препаратни қўллаш мумкинлиги ҳақида албатта шифокор билан маслаҳатлашинг!
Парааминобензой кислотанинг ҳосилалари билан (новокаин, анестезин, дикаин) бир вақтда қўлланганида, препаратнинг микробларга қарши таъсири сусайиши мумкин.
Махсус кўрсатмалар
Қўллашдаги махсус эҳтиёткорлик чоралари
Препаратни қўллашдан аввал, айниқса аллергияга мойиллик бўлганида шифокор билан маслаҳатлашинг! Шифокор маслаҳатисиз препаратни узоқ муддат қўлламанг.
Илгари бу гуруҳ препаратларини қабул қилишда бўлган реакциялар ҳақида шифокорга албатта хабар беринг.
Препаратни кўзга тушишидан сақланинг.
Препаратни қўллашдан олдин оғиз бўшлиғини қайнатилган илиқ сув билан чайиш тавсия этилади. Стерил тампонлар ёрдамида оғиз бўшлиғининг шикастланган соҳаларидан (яралар, эрозиялар) некротик караш олиб ташланади. Препарат билан оғиз бўшлиғи чайилганидан сўнг 15-30 минут давомида овқат истеъмол қилишдан сақланиш керак.
Препарат болаларда қўлланганида 1-2 секунд давомида сепиладиган препаратнинг бир марталик дозаси 0,0076-0,0152 мл этанол (96%) сақлайди, бу бир марталик қабулга 3-5 ёшли болалар (тана вазни 15-21 кг) учун 0,0004 – 0,0013 мл/кг, 6-12 ёшли болалар учун (тана вазни 21-38 кг) 0,0002-0,0007 мл/кг ташкил қилишини ҳисобга олиш керак.
Препарат қанд сақлайди, буни қандли диабети бўлган беморларда ва фруктозани туғма ўзлаштираолмаслиги бўлган, глюкоза-галактозани сўрилиши бузилган пациентларда ҳисобга олиш лозим.
Ҳомиладорлик ёки эмизиш даврида қўлланиши
Препаратни ҳомиладорлик ёки эмизиш даврида фойда/хавф нисбатини ўлчаб, препаратни дозалаш тартибига қатъий риоя қилиб, шифокор назорати остида қўллаш мумкин.
Автотранспортни бошқариш ёки бошқа механизмлар билан ишлашда реакция тезлигига таъсир қилиш хусусияти.
Препарат транспорт воситалари ва механизмларни бошқариш қобилиятига таъсир қилмайди, бироқ автотранспорт ҳайдовчиларида алкоголга текшириш натижаларида хато кўрсатиши мумкинлигини ҳисобга олиш керак.
Болалар
3 ёшгача бўлган болаларда препарат қўлланмасин.
Эвкалипт мойи ва ялпиз мойларини сақлаганлиги боис келиб чиқадиган рефлектор бронхоспазмни ривожланиши мумкинлиги туфайли, 3 ёшдан катта болаларга эҳтиёткорлик билан қўлланади. Болаларни даволашни шифокор назорати остида ўтказиш лозим.
Дозани ошириб юборилиши
Дозани ошириб юборилиш ҳоллари таърифланмаган. Препаратнинг ножўя самаралари кучайиши мумкин.
Даволаш. Препаратни бекор қилиш, оғиз бўшлиғини илиқ қайнатилган сув билан ювиш. Симптоматик даволаш.
Чиқарилиш шакли
30 мл 1 баллон пуркагич-мослама ва ҳимоя қопқоғи билан бирга қутида.
Сақлаш шароити
Оригинал ўрамда, 25°С дан юқори бўлмаган ҳароратда сақлансин. Болалар ололмайдиган жойда сақлансин.
Яроқлилик муддати
1,5 йил.
Яроқлилик муддати ўтгач қўлланилмасин.
Дорихоналардан бериш тартиби
Рецептсиз.