📜 Инструкция по применению Декстанол® инъекция учун эритма
💊 Состав препарата Декстанол® инъекция учун эритма
✅ Применение препарата Декстанол® инъекция учун эритма
📅 Условия хранения Декстанол® инъекция учун эритма
⏳ Срок годности Декстанол® инъекция учун эритма

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА

ДЕКСТАНОЛ®

DEXTANOLUM

 

Препаратнинг савдо номи: Декстанол®

Таъсир этувчи модда (ХПН): декскетопрофен

Дори шакли: инъекция учун эритма

Таркиби:

фаол модда: декскетопрофен трометамол 73,8 мг (50 мг декскетопрофенга эквивалент);

ёрдамчи моддалар: этанол, натрий хлориди, натрий гидроксиди, инъекция учун сув.

Тавсифи: тиниқ рангсиз эритма.

Фармакотерапевтик гуруҳи: Ностероид яллиғланишга қарши воситалар.

АТХ коди: М01АE17

 

Фармакологик хусусиятлари

Декскетопрофен трометамол пропион кислотасининг трометамин S-(+)-2-(3-бензоилфенил) тузи бўлиб, оғриқ қолдирувчи, яллиғланишга қарши, шунингдек иситмани туширувчи воситаси сифатида ностероид яллиғланишга қарши препаратлар гуруҳига киради.

Ностероид яллиғланишга қарши препаратларнинг таъсир механизми циклооксигеназани сусайтириш ҳисобига простагландинлар синтезини пасайтиришга асосланади. Хусусан, арахидон кислотасини, кейинчалик PEG1, PEG2, PGF2a, PGD2 простагландинлари, шунингдек PGI2 простациклин ва тромбоксанлар (ТхА2 ва ТхВ2) ҳосил бўладиган PGG2 ва PGH2 каби циклик эндопероксидларга айланиши тормозланади,. Бундан ташқари, простагландинлар синтезини сусайиши кининлар каби яллиғланишнинг бошқа медиаторларига таъсир қилиши мумкин, бу ўз навбатида, препаратнинг асосий таъсирига билвосита таъсир кўрсатиши мумкин.

Ҳайвонлар ва одамларда ўтказилган экспериментал тадқиқотларда декскетопрофеннинг ЦОГ-1 ва ЦОГ-2 фаоллигига сусайтирувчи таъсири аниқланган.

Клиник тадқиқотларда ҳар хил турдаги оғриқларда декскетопрофен трометамолнинг яққол анальгезияловчи таъсир кўрсатиши намойиш этилган.

Ўртача ва кучли жадалликдаги оғриқли пациентларда декскетопрофен трометамолнинг мушак ичига ва вена ичига юборилгандаги оғриқ қолдирувчи таъсири жарроҳлик аралашувлари (ортопедик ва гинекологик операциялар/қорин бўшлиғи аъзоларидаги операциялар) даги ҳар хил турдаги оғриқларда, шунингдек таянч-ҳаракат аппаратдаги оғриқларда (бел соҳасидаги кучли оғриқ) ва буйрак санчиғида ўрганилган.

Тадқиқотлар вақтида препаратнинг анальгезияловчи самараси тез бошланган ва биринчи 45 минут мобайнида максимал даражага етган. 50 мг декскетопрофен трометамол қабул қилинганидан сўнг оғриқ қолдирувчи таъсир давомийлиги 8 соатни ташкил қилади.

Клиник тадқиқотларда, декскетопрофен трометамолнинг инъекция учун эритмасини қўлланилиши операциядан кейинги оғриқни бартараф этиш мақсадида опиатлар билан бир вақтда қўлланилганда, опиатларнинг дозасини сезиларли даражада камайтириш имконини бериши намойиш қилинди. Агар операциядан кейинги оғриқни бартараф этиш мақсадида бемор томонидан назорат қилинадиган оғриқсизлантириш учун қурилма ёрдамида морфий тайинланган беморларга декскетопрофен трометамол ҳам тайинланган бўлса, унда уларга плацебо қабул қилган гуруҳдаги пациентларга нисбатан морфийнинг камроқ дозаси (35-40% га) талаб қилинган.

Фармакокинетикаси

Декскетопрофен трометамол пациентларга мушак ичига юборилгандан сўнг, тахминан 20 минут (10-45 минут) дан кейин максимал концентрацияга эришилади. 25-50 мг препарат бир марта мушак ичига ва вена ичига юборилганда эгри чизиқ остидаги майдон АUC кўрсаткичи дозага мутаносиб эканлиги исботланган.

Препаратни кўп марта қўлланилишини ўрганиш юзасидан фармакокинетик тадқиқотларда, сўнгги марта мушак ичига ва вена ичига юборилгандан сўнг Cmax ва AUC кўрсаткичлари бир марта қўлланилгандан кейинги кўрсаткичлардан фарқланмаслиги аниқланган бўлиб, бу дори воситасининг кумуляцияси йўқлигидан далолат беради.

Қон плазмаси оқсиллари билан юқори боғланиш даражасига (99%) эга бошқа дори воситалари каби декскетопрофеннинг тақсимланиш ҳажми ўртача 0,25л/кг ни ташкил қилади. Ярим тақсимланиш даври тахминан 0,35 соатга тенг, ярим чиқарилиш даври эса 1-2,7 соатлар диапазонида ўзгариб туради.

Декскетопрофеннинг метаболизми асосан глюкурон кислотаси билан конъюгация йўли билан кечади ва кейинчалик буйрак томонидан ажратиб чиқарилади. Декскетопрофен трометамол юборилгандан сўнг, сийдикда фақат S-(+) оптик изомери қолади, бу препаратни R-(-) оптик изомерига айланмаслигидан далолат беради.

Бир марталик ва кўп марталик дозалар юборилгандан сўнг, тадқиқотда иштирок этган кекса ёшдаги (65 ёш ва ундан катта ёшдаги) соғлом кўнгиллиларга препаратнинг таъсир кўрсатиш даражаси, ёш кўнгиллиларга нисбатан анчагина юқори (55% гача) бўлган, бироқ максимал концентрация ва унга эришиш вақтидаги статик аҳамиятли фарқ аниқланмаган. Бир марталик ва кўп марталик дозалар юборилгандан сўнг, ўртача ярим чиқарилииш даври (48% гача) узайган, муайян умумий клиренс эса қисқарган.

 

Қўлланилиши

Турли генезли оғриқ синдромини:

– жароҳатланиш, операциядан кейинги оғриқлар, буйрак санчиқлари;

– онкологик касалликлари бўлган пациентларда суяклардаги метастазларда оғриқни баратараф этиш учун қўлланилади.

Таянч-ҳаракат аппаратининг ўткир ва сурункали яллиғланишли касалликларини:

– ревматоид артрит;

– серонегатив спондилоартритлар (анкилозланувчи спондилоартрит, реактив артрит);

– подагра, псевдоподагра;

– остеоартроз;

– бўғимдан ташқари ревматизмни (тендинит, бурсит, елка бўғими капсулити) симптоматик даволаш учун қўлланилади.

 

Қўллаш усули ва дозалари

Катта ёшдагиларга тавсия қилинган доза ҳар 8-12 соатда 50 мг ни ташкил қилади. Зарурат бўлганида, такрорий доза 6 соатлик интервал билан юборилиши мумкин. Суткалик доза 150 мг дан ошмаслиги керак.

Препарат қисқа муддат давомида қўллаш учун мўлжалланган ва у билан даволанишни ўткир симптомлар даврида чеклаш керак (энг кўпи билан 2 сутка). Иложи борича пациентларни препаратнинг мувофиқ дори шаклини перорал қабул қилишга ўтказиш керак.

Ножўя реакцияларни, пациентнинг ҳолатини яхшилаш учун зарур бўлган минимал  самарали дозани иложи борича энг қисқа давр давомида қўллаш ҳисобига камайтириш мумкин.

Кекса ёшдаги пациентлар учун дозага тузатиш киритиш, одатда, талаб қилинмайди. Бироқ физиологик ёш билан боғлиқ буйрак функциясини пасайиши туфайли, бироз ифодаланган буйрак функциясини етишмовчилиги мавжудлигида препаратни пастроқ дозаларда тайинлаш тавсия қилинади: умумий суткалик доза – 50 мг.

Жигар функциясининг енгил ёки ўртача намоён бўлган бузилиши (Чайлд-Пью шкаласи бўйича 5-9 балл) бўлган пациентларда умумий суткалик дозани 50 мг гача камайтириш ва жигарнинг функционал кўрсаткичларининг назоратини тез-тез ўтказиш керак. Препарат жигар функциясининг оғир бузилишлари (Чайлд-Пью шкаласи бўйича 10-15 балл) бўлган беморларга тайинланмаслиги керак.

Буйрак функциясининг енгил бузилиши (креатинин клиренси – минутига 50-80 мл) бўлган пациентлар учун суткалик доза 50 мг гача камайтириш керак. Препарат буйрак функциясининг оғир етишмовчилиги (креатинин клиренси – <50 мл/минут) бўлган беморларга тайинланмаслиги керак.

Препарат мушак ичига ва вена ичига юборилиши мумкин:

– мушак ичига юборилиши: битта ампуладаги модда (2 мл) секин-аста мушак ичига чуқур юборилади;

– вена ичига юборилиши: суюлтирилган эритма 10-30 минут давомида вена ичига аста-секин юборилиши керак. Тайёрланган эритмага табиий кундузги ёруғликнинг таъсирига йўл қўйилмасин;

– вена ичига болюсли юборилиши: зарурат бўлганида, битта ампуладаги модда (2 мл) энг камида 15 секунд давомида аста-секин вена ичига болюс усулида юборилиши мумкин.

Мушак ичига ёки вена ичига инъекция қилиш усули қўлланганда, препарат ампуладан олингандан сўнг зудлик билан юборилиши керак.

Вена ичига инфузия учун эритма стерилланган шароитларда тайёрланади ва табиий кундузги ёруғлик таъсиридан ҳимояланган бўлиши керак.

Ножўя таъсирлари

Ҳар бир гуруҳни таърифлаш учун фойдаланиладиган номлар қуйидаги чекловларга мувофиқ, ҳар бир расмий тилда қабул қилинган стандарт терминологияга мувофиқ бўлиши керак: жуда тез-тез (≥1/10), тез-тез (≥1/100 дан <1/10 гача), тез-тез эмас (≥1/1,000 дан <1/100 гача), кам ҳолларда (≥1/10,000 дан <1/1,000 гача), жуда кам ҳолларда (<1/10,000).

Қон яратиш тизими томонидан: кам ҳолларда анемия; жуда кам ҳолларда – нейтропения, тромбоцитопения.

Иммун тизим томонидан: кам ҳолларда – хиқилдоқ шиши; жуда кам ҳолларда – анафилактик реакция, шу жумладан анафилактик шок.

Моддалар алмашинуви ва овқатланиш томонидан: кам ҳолларда – гипергликемия, гипогликемия, гипертриглицеридемия, анорексия.

Марказий нерв тизими томонидан: тез-тез эмас – бош оғриғи, бош айланиши, уйқусизлик, уйқучанлик; кам ҳолларда – парестезия, ҳушдан кетиш.

Кўриш органлари томонидан: тез-тез –кўришни ноаниқлиги.

Эшитиш ва мувозанатни сақлаш органлари томонидан: камдан-кам – қулоқ шанғиллаши.

Юрак-қон томир тизими томонидан: кам ҳолларда – экстрасистолия, тахикардия; тез-тез эмас – гипотония, гиперемия; кам ҳолларда – гипертония, юзаки веналар тромбофлебити.

Нафас олиш тизими томонидан: кам ҳолларда – брадипноэ; жуда кам ҳолларда – бронхоспазм, диспноэ.

Овқат ҳазм қилиш тизими томонидан: тез-тез – кўнгил айниши ва/ёки қусиш; тез-тез эмас – абдоминал оғриқ, диспепсия, диарея, қабзият, гематемезис, оғиз қуриши; кам ҳолларда меъда-ичак йўли аъзоларининг эрозия-ярали шикастланиши, шу жумладан қон кетишлари ва перфорациялар; жуда кам ҳолларда – панкреатит.

Жигар ва сафро чиқариш йўллари томонидан: кам ҳолларда – гепатит, сариқ касали; жуда кам ҳолларда – гепатоцеллюляр шикастланишлар.

Тери ва териости тўқималари томонидан: тез-тез эмас – дерматитлар, қичишиш, тошма, кучли терлаш; кам ҳолларда эшакеми, акне; жуда кам ҳолларда – Стивенс-Джонсон синдроми, токсик эпидермал некролиз (Лайелл синдроми), ангионевротик шиш, юзни шиши, фотосезувчанлик реакцияси.

Скелет-мушак ва бириктирувчи тўқималар томонидан: кам ҳолларда – мушаклар ригидлиги, бўғимлар ҳаракатланишини қийинлиги, мушаклар спазми, белдаги оғриқлар.

Буйрак ва сийдик чиқариш йўллари томонидан: кам ҳолларда – ўткир буйрак етишмовчилиги, полиурия, буйракда оғриқ, кетонурия, протеинурия; жуда кам ҳолларда – нефрит ёки нефротик синдром.

Жинсий аъзолар ва сут бези томонидан: кам ҳолларда – ҳайз кўриш циклини бузилиши, простата бези функциясини бузилиши.

Лаборатор кўрсаткичлари томонидан: кам ҳолларда – жигарнинг функционал намунасидаги оғишлар.

Бошқалар: тез-тез – инъекция жойидаги оғриқ, препарат юборилган жойдаги реакциялар, шу жумладан яллиғланиш, қонталашиш ёки қон кетишлари; тез-тез эмас – гипертермия, толиқиш, оғриқ, совқотиш ҳисси; кам ҳолларда увушиб қолиш, периферик шишлар.

Меъда-ичак йўллари: энг кўп кузатиладиган ножўя таъсирлар меъда-ичак йўллари тизимига тааллуқлидир. Пептик яра, меъда-ичак йўли перфорацияси ёки қон кетишлари ривожланиши, айниқса, кекса ёшдаги беморларда баъзан ўлим билан якунланиши мумкин. Мавжуд маълумотларга кўра, препаратни қўллаш фонида кўнгил айниши, қусиш, диарея, метеоризм, қабзият, диспепсик ҳолатлар, қориндаги оғриқ, мелена, қон аралаш қусиш, ярали стоматит, колитни зўрайиши ва Крон касаллиги юз бериши мумкин. Кам ҳолларда гастрит қайд этилади. Шунингдек, ностероид яллиғланишга қарши воситалар (НЯҚВ) қўлланиши оқибатида пайдо бўлиши мумкин бўлган шишлар, артериал гипертензия (АГ) ва юрак етишмовчилиги аниқланган.

Бошқа НЯҚВ қўлланган ҳолларда бўлгани каби, қуйидаги ножўя таъсирлар бўлиши мумкин: тизимли қизил югурик ёки бириктирувчи тўқиманинг аралаш касалликлари бўлган пациентларда юз бериши мумкин бўлган асептик менингит ҳамда қон томонидан реакциялар (пурпура, апластик ва гемолитик анемия, кам ҳолларда – агранулоцитоз ва суяк кўмиги гипоплазияси).

Буллез реакциялар, шу жумладан Стивенс-Джонсон синдроми ва токсик эпидермал некролиз (жуда кам ҳолларда) юз бериши мумкин.

Клиник тадқиқотлар натижаларига ва эпидемиологик маълумотларга кўра, баъзи бир НЯҚВ ни (айниқса, юқори дозаларда ва узоқ вақт мобайнида) қўлланилиши артериялар тромбози оқибатидаги патологияларни (масалан, миокард инфаркти ва инсультни) ривожланиши хавфини бироз ошиши билан кечиши мумкин.

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар

– декскетопрофенга ва салицилатларга ёки препаратнинг ёрдамчи компонентларига ўта юқори сезувчанлик;

– меъда ва ўн икки бармоқ ичак зўрайиш босқичидаги яра касаллиги;

– меъда-ичакдан қон кетишлари ёки фаол қон кетишларнинг бошқа кўринишлари;

– жигар ва буйрак функциясининг оғир бузилишлари (креатинин клиренс <50 мл/минут);

– ичакнинг зўрайиш босқичидаги яллиғланиш касалликлари, Крон касаллиги;

– геморрагик диатез ва қон ивишининг бошқа бузилишлари;

– бронхиал астма;

– ҳомиладорлик ва лактация даври;

– юрак етишмовчилиги;

– 18 ёшгача болаларда қўллаш мумкин эмас.

Ҳомиладорлик ва эмизикли давр

Ҳомиладорликнинг III уч ойлигида ва эмизиш даврида препаратни қўллаш мумкин эмас.

Простагландинлар синтезини сусайиши ҳомиладорликни кечишига ва/ёки ҳомилани ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Эпидемиологик тадқиқотларнинг натижаларига мувофиқ, простагландинлар синтезини сусайтирувчи препаратлар қўлланилганда ҳомиладорликнинг илк муддатларида бола ташлаш, ҳомилада юрак нуқсонини юз бериши ва қориннинг олд деворини ривожланмай қолиш хавфи ошади. Юрак-қон томир тизими аномалияларини ривожланишининг мутлақ хавфи энг кўпи билан 1% дан тахминан 1,5% гача ошган. Бундай ҳолатларнинг юз бериш хавфи препаратнинг дозасини ва даволаш давомийлигини ошириш оқибатида кучаяди деб ҳисоблайдилар. Ҳайвонларда ўтказилган тадқиқотларда, простагландинлар синтези ингибиторларини юбориш ҳомиланинг пред- ва постимплантацион нобуд бўлиш хавфи ошишига олиб келиши, шунингдек эмбрионни  нобуд бўлиши мумкинлиги исботланган. Бундан ташқари, турли туғма нуқсонларни, шу жумладан органогенез даври мобайнида простагландинлар синтези ингибиторларини қабул қилган ҳайвонларда юрак-қон томир тизимининг ривожланиш нуқсонларини сонини ошиши қайд этилган. Шундай бўлса-да, декскетопрофен трометамолнинг хусусиятларини ўрганиш юзасидан ҳайвонларда ўтказилган тадқиқотлар репродуктив функцияга препаратнинг токсик таъсирини намойиш қилмаган. Ҳомиладорликнинг I ва II уч ойлигида декскетопрофен трометамолни фақат жуда зарур бўлган ҳоллардагина тайинлаш мумкин. Декскетопрофен трометамолни, ҳомиладор бўлишни режалаштираётган ёки ҳомиладорликнинг I ва II уч ойлигида буюрилганда, минимал самарали дозани даволашнинг иложи борича энг қисқа муддати давомида қўллаш лозим.

Ҳомиладорликнинг III уч ойлигида простагландинлар синтезининг барча ингибиторлари қуйидагиларни келтириб чиқаради:

– кардиопульмонал токсик синдром (артериал йўлни облитерацияси ва ўпка гипертензияси билан кечувчи);

– буйрак функцияси бузилиши, бу олигогидроамнион ривожланиши билан кечувчи буйрак етишмовчилигигача авж олиши мумкин.

Ҳомиладорлик охирида кузатиладиган она ва бола учун хавфлар:

– қон кетиш вақтини узайиши, тромбоцитлар агрегацияси сусайиш самараси, бу хатто препарат паст дозаларда қўлланганда ҳам юз бериши мумкин;

– бачадон қисқаришини кечикиши, мувофиқ равишда туруқни кечикиши ва туғруқ вақтини чўзилишига олиб келади.

Транспорт воситасини бошқариш ва бошқа механизмлар билан ишлашга таъсир этиш хусусияти

Препаратни қўлланиши транспорт воситаларини бошқариш ва бошқа механизмлар билан ишлаш қобилиятига кучсиз ва ўртача таъсир кўрсатиши мумкин, чунки бош айланиши ва уйқучанликни юз бериш хавфи мавжуд.

 

Дориларнинг ўзаро таъсири

Қуйидаги воситаларни НЯҚВ билан бир вақтда қўлланилиши тавсия қилинмайди:

Бошқа НЯҚВ, шу жумладан юқори дозалардаги салицилатлар (суткасига >3г) билан бирга: бир нечта НЯҚВ ни бир вақтда қўлланиши меъда-ичакдан қон кетишлари ва улар таъсири синергизми оқибатида яралар пайдо бўлиш хавфини оширади.

Антикоагулянтлар билан: декскетопрофеннинг қон плазмаси оқсиллари билан юқори даражада боғланиши, шунингдек тромбоцитлар функциясини сусайтириши оқибатида НЯҚВ антикоагулянтларнинг, масалан, варфариннинг таъсирини ҳамда меъда ва ўн икки бармоқ ичак шиллиқ қаватини шикастланишини кучайтиради. Агар бир вақтда қўллаш зарур бўлса, у шифокорнинг синчков назорати остида ва тегишли лаборатор кўрсаткичларга мувофиқ ўтказилиши лозим.

Гепарин: қон кетиш хавфи (тромбоцитлар функциясини сусайиши ҳамда меъда ва ўн икки бармоқ ичак шиллиқ қаватини шикастланиши туфайли) кучаяди. Агар бир вақтда қўллаш зарур бўлса, у шифокорнинг синчков назорати остида ва тегишли лаборатор кўрсаткичларга мувофиқ ўтказилиши лозим.

Кортикостероидлар: меъда-ичак йўлларида яралар ва қон кетишини ривожланиш хавфи кучаяди.

Литий препаратлари билан: НЯҚВ қон плазмасида литийнинг концентрациясини оширади, бу токсик даражага етиши (литийнинг буйрак экскрециясини сусайиши туфайли) мумкин. Мазкур параметр декскетопрофенни буюришда, дозасини ўзгартиришда ва бекор қилинишида ҳисобга олиниши керак.

Метотрексат билан, ҳафтада 15 мг ва ундан юқори дозаларда: НЯҚВ қўлланганда метотрексатнинг буйрак клиренси пасайиши туфайли, унинг гематотоксинлиги кучаяди.

Гидантоин ва сульфаниламидларнинг ҳосилалари билан: уларнинг токсик кўринишларининг яққоллиги ошиши мумкин.

Эҳтиёткорликни талаб этувчи комбинациялар:

Диуретиклар, ААФ ингибиторлари, антибактериал аминогликозидлар ва II ангиотензин рецепторлари антагонистлари билан: Декскетопрофен диуретик ва бошқа антигипертензив воситаларнинг самарадорлигини пасайтиради. Буйрак функциясини бузилиш бўлган айрим беморларда (масалан, сувсизланганда ёки кекса ёшдаги шахсларда) циклооксигеназани сусайтирувчи дори воситаларини ААФ ингибиторлари ёки II ангиотензин рецепторлари антагонистлари ёки антибактериал аминогликозидларни қўлланиши, одатда, қайтувчан жараён ҳисобланади. Декскетопрофен ҳар қандай диуретик билан бир вақтда қўлланилганда, беморда сувсизланиш йўқлигига ишонч ҳосил қилиш, даволанишни бошида эса, буйрак функциясини назорат қилиш лозим.

Метотрексат билан, ҳафтада 15 мг дан камроқ дозаларда: НЯҚВ қўлланилганда метотрексатнинг буйрак клиренси сусайиши туфайли, унинг гематологик токсиклиги кучаяди. Мажмуавий даволанишнинг илк ҳафталарида қон манзарасини ҳар ҳафталик назоратини ўтказиш керак. Буйрак функциясини хатто озгина бузилишлари бўлганида ҳам, шунингдек кекса ёшдаги шахсларни синчков назорат қилиш лозим.

Пентоксифиллин билан: қон кетишларини ривожланиш хавфи ошади. Жадал клиник мониторинг ва қон кетиш вақтини тез-тез назорат қилиш лозим.

Зидовудин билан: мажмуавий терапия бошлангандан сўнг 1 ҳафтадан кейин ретикулоцитларга токсик таъсир намоён бўлиши, у оғир анемияни ривожланишига олиб келиши мумкин. Мажмуавий даволаш бошлангандан сўнг 1-2 ҳафтадан кейин қон ҳужайралари ва ретикулоцитлар сонини ҳисоблашни ўтказиш керак.

Сульфонилмочевина препаратлари билан: НЯҚВ сульфонилмочевинани қон плазмаси оқсиллари билан боғланиш жойларидан сиқиб чиқариш хусусияти туфайли, сульфонилмочевинанинг гипогликемик таъсири кучайиши мумкин.

Эътиборга олиниши лозим бўлган комбинациялар:

Бета-андренорецепторларнинг блокаторлари билан: НЯҚВ ни қўлланилиши простагландинлар синтезини сусайиши туфайли, уларнинг антигипертензив таъсири самарасини сусайтириши мумкин.

Циклоспорин ва такролимус билан: НЯҚВ нефротоксикликни ошириши мумкин, бу буйрак простагландинларига таъсири билан боғлиқ.

Мажмуавий даволашни ўтказишда буйрак функциясини назорат қилиш лозим.

Тромболитик препаратлар билан: қон кетишларини ривожланиш хавфи кучаяди.

Антиагрегант воситалар ва серотонинни қайта қамраб олинишининг селектив ингибиторлари билан: меъда-ичакдан қон кетишларини ривожланиш хавфи ошади.

Пробенецид билан: қон плазмасида декскетопрофеннинг концентрацияси ошиши мумкин; мазкур таъсири препаратни буйрак найчалари орқали секрециясига ва глюкурон кислотаси билан конъюгациясига ингибиция қилувчи таъсири билан боғлиқ бўлиши мумкин, бу эса декскетопрофеннинг дозасига тузатиш киритишни талаб этади.

Юрак гликозидлари билан: НЯҚВ уларнинг қон зардобидаги концентрациясини ошишига олиб келиши мумкин.

Мифепристон билан: простагландинлар синтезини ингибиция қилувчи воситалар таъсири остида мифепристоннинг самарадорлигини назарий жиҳатдан пасайиш хавфи туфайли, НЯҚВ ни, мифепристон қабул қилингандан сўнг 8-12 кундан эрта буюриш мумкин эмас.

Хинолонлар билан: ҳайвонларда ўтказилган экспериментал тадқиқотларда олинган маълумотлар, НЯҚВ юқори дозаларда хинолонлар билан мажмуада қўлланилганда, тиришишларни ривожланиш хавфи юқори бўлишидан далолат беради.

 

Махсус кўрсатмалар

Болалар ва ўсмирларда қўллаш хавфсизлиги тасдиқланмаган.

Анамнезда аллергик реакциялари бўлган беморларда эҳтиёткорлик билан қўллаш керак.

Препаратни бошқа НЯҚВ, шу жумладан циклооксигеназа-2 селектив ингибиторлари билан бирга қўллашдан сақланиш керак.

Препаратни болалар ололмайдиган жойда сақлаш ва яроқлилик муддати ўтгач ишлатмаслик лозим.

Дозани ошириб юборилиши

Дозани ошириб юборилишининг симптоматикаси номаълум. Шунга ўхшаш дори воситалари меъда-ичак йўллари томонидан бузилишларни (қусиш, анорексия, қоринда оғриқ) ва нерв тизими томонидан бузилишларни (уйқучанлик, бош айланиши, дезориентация, бош оғриғи) келтириб чиқаради.

Дозани тасодифан ошириб юборилганда ёки ҳаддан ташқари кўп қабул қилинганда, зудлик билан пациентнинг аҳволига қараб, симптоматик даволанишни бошлаш керак.

Декскетопрофен трометамол организмдан диализ ёрдамида чиқариб юборилади.

Чиқарилиш шакли

«Декстанол®» инъекция учун эритма, 50 мг/5 мл дан, ампулаларда №6.

Сақлаш шароити

Қуруқ, ёруғликдан ҳимояланган жойда, 25°С дан юқори бўлмаган ҳароратда сақлансин.

 

Яроқлилик муддати

2 йил.

 

Дорихоналардан бериш тартиби

Рецепт бўйича.

ИМЕЮТСЯ ПРОТИВОКАЗАНИЯ. НЕОБХОДИМО ОЗНАКОМИТЬСЯ С ИНСТРУКЦИЕЙ
ПО ПРИМЕНЕНИЮ ИЛИ ПОЛУЧИТЬ КОНСУЛЬТАЦИЮ СПЕЦИАЛИСТА

Лекарственные средства, информация о которых представлена на сайте, могут иметь противопоказания к их применению и использованию. Перед использованием необходимо ознакомиться с инструкцией по применению или получить консультацию у специалистов.