ТУТУҚ

ТУТУҚ — Турк хоқонлиги бошқарувидаги унвон. Қад. турк битиктошлари, хитой, суғд манбаларида учрайди. Т. Турк хоқонлигида ҳарбий маъмурият бошлиғи учун қўлланилган бўлиб, хитойча дуду — волий, вилоятнинг ҳарбий ҳокими сўзидан олинган деб ҳисобланади. Лекин, баъзи тадқиқотчилар, шу жумладан, ўзбек олимлари Тутуқ унвони тутмок, феъли асосида шаклланган унвон эканлигини таъкидлашади. УрхунЕнисей битиктошларида Ўнг Тутуқ, Буқай Тутуқ, Эл Тўғон Т., Алп Урунгу Тутуқ, Чўкул Тутуқ, Кунч Тутуқ, сингари амалдорлар номи акс этган. Битиктошларда қайд этилишича, хоқонлик бўйсундирилган к,абилаларга Тутуқлар тайинлаган. Турк хоқонлиги даврида Фаргона водийсида Тутуқ унвонли сулола бўлган. Муғ кальа ҳужжатларида Суғд ҳукмдори Деваштичнинг 719 й. да Турк хоқонига, Шош тудуни ва Фарғона қукмдорига ёрдам сўраб юборган мактубини элтган Фатуфарн исмли элчи Деваштичга ёзган хати бўлиб, унда Фатуфарн «Хоқонга ва Фарғона хукмдорига ёзилган номани Фаргона тутуғига топширдим», деб қайд қилади. Бу эса 7—8-а. ларда Фарғонада ихшидлар бошқаруви билан биргаликда Тутуқлик бошқаруви ҳам мавжуд бўлганлигини кўрсатади. Шунингдек, 7—8-а. ларга оид Қува тангалари орасида суҳий ёзувда «Алпу хоқон тутуқ» ибораси акс этган тангалар учрайди. Бундан Фарғона Тутуқ ларининг Турк хоқонлари номидан пул зарб қилдирганликлари аён бўлади. Уйғур хоқонлиги даврида хоқонлардан бири Хитойга Тутуқ унвонли ноиб тайинлайди. Араб географлари асарларида 10-а. да Иртиш бўйида яшовчи Кимак номли туркий қабила ҳукмдорининг унвони Тутуқ деб қайд этилади.

Ад.: Исҳоқов М., Унутилган подшоликдан хатлар, Тутуқ, 1992.

Ғайбулла Бобоёров.