ТАБАСАРАН ТИЛИ

ТАБАСАРАН ТИЛИ — Кавказ тиллари оиласининг нахдоғистон тиллари гуруҳига мансуб, Доғистон Республикасининг Табасаран ва Хив туманларида тарқалган тил. Сўзлашувчиларнинг умумий сони 95 минг кишидан ортиқ. Жан. ва шим. лаҳжаларга эга, уларнинг ҳар бири ўз шева гуруҳларидан иборат. Адабий Табасаран тили асосан жан. лаҳжа негизида шаклланган. Фонетик тизимида 6 унли ҳамда 50 дан ортиқ ундош, жумладан пп, тт, кк, чч каби портловчи жарангсиз қўш ундошлар мавжуд; урғу кучсиз ва кўчувчан. Морфологиясида отлар келишик ва сон бўйича ўзгаради; келишик тизими жуда ривожланган: 44 келишик мавжуд. Феъллардаги замон ва майл тизими ниҳоятда мураккаб. Луғат таркибида соф табасаран сўзларидан (улар 60 фоиздан ортиқ) ташқари араб, форс, туркий ва рус тилларидан ўзлашган сўзлар ҳам мавжуд. Табасаран тили ёзуви 1932—38 й. ларда лотин графикаси асосида, 1938 й. дан рус графикаси асосида шакллантирилган.