ТУРСУНҚУЛОВ

ТУРСУНҚУЛОВ Ҳамроқул (1892, ҳоз. Фарғона тумани Водил қишлоғи — 1965.9.8, Тошкент вилояти Янгийўл тумани Шўралисой қишлоғи; Тошкент ш. да Чиғатой қабристонига дафн этилган) — қишлоқ хўжалиги. ишлаб чиқариши ташкилотчиси. 3 марта Меҳнат Қахрамони (1948, 1951, 1957). Фарғона вилояти Чимён волость ижроия қўмитаси раиси (1922—23), Чимён рн «Қўшчи» уюшмаси раиси (1925), Фарғона вилояти Олтиариқ туманида «Бирлик» ва «Меҳнат» қишлоқ хўжалиги. артелларини тузган (1929). Тожикистонда давлат хўжалиги директори (1930—35). 1935 й. дан то умрининг охиригача Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги «Шарқ юддузи» кзи (ҳоз. Ҳ. Турсунқулов номидаги ширкат хўжалиги) раиси бўлган. Турсунқулов раҳбарлигида кз республикада илғор хўжаликлар қаторига кўтарилиб, деҳқончилик ва чорвачиликда юқори кўрсаткичларга эришган. Шўралисой қишлоғида Турсунқулов музейи бор. Фарғона вилояти Фаргона туманида ширкат хўжалиги, Тошкент ш. даги кўчалардан бири Турсунқулов номига қўйилган.