ТУҲМАТ

ТУҲМАТ, бўҳтон (жиноят ҳуқуқида) — бирор шахсни обрўсизлантириш мақсадида атайлаб ёлғон ва уйдирма гаплар тарқатиш. Туҳмат қилиш шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, жиноий жавобгарликка тортишга олиб келади. Бунда айбдор шахс энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 й. гача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади (Ўзбекистон Республикасининг ЖК, 139модда, 1қисм). Агар Туҳмат қилиш нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали содир этилган бўлса, бу оғирлаштирувчи ҳолат сифатида шахсни тўғридан тўғри жиноий жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланади. Айбдор шахс энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача микдорда жарима ёки 2 й. дан 3 й. гача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 6 ойгача қамоқ билан жазоланади (Ўзбекистон Республикаси ЖК, 139модда, 2кисм). Агар Туҳмат оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб; оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган ҳолда; хавфли рецидивист томонидан; ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда қилинса, айбдор 3 й. гача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.

Шунингдек, шахс ўзининг шаъни, қадрқиммати ва ишчанлик обрўсини Ўзбекистон Республикасининг ФК асосида ҳам ҳимоя қилиши мумкин. Фуқаро ўзининг шаъни, қадрқиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар юзасидан, башарти бундай маълумотларни тарқатган шахс уларнинг ҳақиқатга тўғри келишини исботлай олмаса, суд йўли билан раддия талаб қилишга ҳақли. Манфаатдор шахсларнинг талабига кўра, фуқаронинг шаъни ва қадрқимматини унинг вафотидан кейин ҳам ҳимоя қилишга йўл қўйилади. Башарти, фуқаронинг шаъни, қадрқиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар оммавий ахборот воситаларида тарқатилган бўлса, айни шу оммавий ахборот воситаларида раддия берилиши лозим. Агарда бундай маълумотлар ташкилотдан олинган ҳужжатда учраса, бундай ҳужжат алмаштирилиши ёки қайтариб олиниши керак. Бошқа ҳолларда раддия бериш тартибини суд белгилайди. Фукаро оммавий ахборот воситаларида унинг ҳуқукдари ёки қонун билан ҳимояланадиган манфаатларини камситувчи маълумотлар эълон килинганда у айни ўша оммавий ахборот воситалари орқали чиқиб, ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Ўзининг шаъни, қадрқиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатилган фуқаро бундай маълумотлар рад этилиши билан бир қаторда уларни тарқатиш оқибатида етказилган зарарлар ва маънавий зиённинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳақлидир.

Мирзаюсуф Русшамбоев.