ТУҒЛУҚ ТЕМУР (? 1362 ёхуд 1363) — Мўғулистон давлати асосчиси ва хони (1348 й. дан). Шарқий Туркистонда унинг авлодлари 16-а. нинг 70-й. ларигача ҳукмронлик қилган. Чиғайтой улуси парчаланиши жараёнида унинг шарқий қисмида Амир Пўлодчи ёрдамида Туғлуқ Темур тузган давлат таркибига Шарқий Туркистон, Жан. Сибирь ва Еттисув кирган. 1360—1361 й. лардаги ҳарбий юришлар натижасида Т. Т. Мовароуннаҳрни эгаллаган. Туғлуқ Темур вафотидан сўнг ўғли Илёсхожа билан бўлган курашларда Соҳибқирон Амир Темур мўғулларни Мовароуннаҳр ҳудудидан қувиб чиқарган. Туғлуқ Темур ворислари фақат Шарқий Туркистонга эгалик қилганлар, холос.