ТРИХОГРАММА

ТРИХОГРАММА (Trichogramma) — пардақанотлилар туркумига мансуб ҳашаротлар уруғи; экинлар ва ўрмонзорларга зарар келтирувчи хавфли зараркунанда ҳашаротлар тухумлари кушандаси. Бутун дунё фаунасида Трихограммалар авлодига кирувчи 143 тур мавжуд. Ўзбекистонда эса Трихограмма ларнинг 15 тури топилган, 6 тасининг биоэкологияси чукур ўрганилган. Қ. х. да экинлар зараркунандаси бўлган тунлам капалакларнинг тухумларини йўқотишда асосий биологик восита сифатида ишлатилади. Танасининг уз. 0,3—0,9 мм. Трихограмманинг қисқа қанотли ва қанотсиз турлари мавжуд. Мўйлови 5—9 бўғимли, қанотлари кенг ҳошияли, олдинги қанотлари қисқа шокилали. Орқа жуфт кднотлари ингичка. Урғочисининг мўйлови қисқа, бир ҳалқали, хивчини икки бўғимли. Эркаклари кўпинча қанотсиз ёки қаноти соддалашган. Трихограмма полифаг бўлиб, 200 га яқин турдаги ҳашарот тухумини зарарлайди. Асосий ва бош хўжайинга эга. Фақат личинкаси текинхўрлик (паразитлик) қилади. Етук ҳашаротлар гул шираси ва шудринг билан озикланади. Урғочи Трихограмма хўжайин организмнинг янги қўйилган тухуми ичига ўз тухумини қўяди. Тухумдан чиққан Трихограмма личинкаси хўжайин тухуми ичидаги моддалар билан озиқланиб ривожланади. Озиқланиб бўлган Трихограмма личинкаси шу ерда ғумбакка айланади. Ғумбакдан шаклланган етук индивид тухум пўстини тешиб ташқарига чиқади; эндигина учиб чиққан жинсий етук ургочи ҳашарот дарҳол эркак Трихограмма билан жуфтлашиб, тухум қўя бошлайди.

Трихограмманинг ривожланиш даври ҳаво ҳарорати 25—30° ва намлиги 30—70% бўлганида 7—35 кун давом этади. Етук ҳашаротлар 3—18 кун яшайди. Шу давр мобайнида бир урғочи ҳашарот 25—92 дона тухум қўйиши мумкин. Табиатда Трихограмма турлари Ўзбекистоннинг барча маданий деҳқончилик зоналарида ва, шунингдек, тоғлардаги ёввойи ўсимликларда, чўл, чала чўлларда ҳам учрайди. Табиий шароитда 14—15 авлод беради. Трихограммадан ҳашаротларга (тунламлар, парвоналар, одимчилар ва б.) қарши курашда фойдаланилади. Махсус биолабораторияларда кўпроқ pintoi Voegele тури тунлам тухумларини йўқотиш учун кўпайтирилади (қ. Биофабрика). Далалардаги кемирувчи тунламларга қарши уч марта ҳар гектарига 200 минг донадан етук Трихограмма тарқатиш тавсия этилади. Мас., ғўза тунламининг ҳар бир авлодига карши гектарига 60Қ80Қ60 минг дона етук Трихограмма ҳисобида (тухум қўйиш бошланишида ва 4—5 кун оралатиб яна 2 марта) таркатиш яхши самара беради. Трихограммани зараркунанда ҳашаротнинг тухум қўйиши бошланган даврда эрталаб ёки кечки салқин пайтда тарқатиш мақсадга мувофиқ; бир текисда тарқалиши учун бир гектар майдоннинг 100 та нуқтасига, яъни ҳар 10 м да қўйилади.

Турсуной Отамирзаева.