ТРАХЕИТ

ТРАХЕИТ (трахея ва itis — яллиғланиш) — трахея шиллиқ пардасининг яллиғланиши. Совқотиш, юқумли касалликлар (грипп, қизамиқ, кўкйўтал), шунингдек, юрак, ўпка касалликлари, болаларда эса аксари рахит, экссудатив диатез ва ҳ. к. оқибатида пайдо бўлади. Асосан, баҳор ва кузда кўп учрайди. Ўткир ва сурункали кечади. Ўткир Трахеит, одатда, тумов ва бурунхалқумнинг яллиғланиши билан бошланиб, тезда трахеяга ўтади. Бемор йўталади (йўтал, айниқса, кечаси ва эрталаб зўраяди), балғам ажралади (касалликнинг бошланиш даврида балғам қийин ажралади), томоқ ва тўш соҳасида оғриқ пайдо бўлиб, бемор йўталганда кучаяди, томоқ тирналиб, ачишади, ҳиқилдоқ яллиғланиши ҳам қўшилганда одам бўғилиб, бутунлай овози чиқмай қолади (қ. Ларингит). Беморда дармонсизлик, бош оғриғи, иситма каби аломатлар кузатилади. Ўз вақтида даво қилинса, ўткир Трахеит, одатда, 1—2 қафтадан кейин ўтиб кетади, акс ҳолда сурункали туе олади, бунда касаллик вақтвақтида қўзиб, узоқ давом этади.