ТОЙНБИ

ТОЙНБИ (Toynbee) Арнолд Жозеф (1889.14.4, Лондон 1975.22.10, Йорк) — инглиз тарихчиси, файласуф ва социолог. Олий ўқув юртида ўқитувчи ва ташқи ишлар вазирлигида хизматчи бўлиб ишлаш билан бирга жуда кўп сафарларга чиқиб ибтидоий жамиятни ўрганиш билан шуғулланган. 1922 й. дан инсоният маданияти тараққиёти умумий тарихи устида ишлади. Асосий асари 12 ж. ли «Тарих тадқиқоти»ни яратди (1934— 61). У бир-бирининг ўрнига келувчи маҳаллий цивилизациялар «чархпалаги» ҳақидаги назарияни илгари сурди: мазкур цивилизацияларнинг ҳар бири вужудга келиш, ўсиш, таназзулга кетиш ва емирилиш босқичларини ўтайди; улар ривожланишининг ҳаракатлантирувчи кучи ўз ортидан «лоқайд кўпчилик»ни эргаштирувчи «ижодий элита»дир; инсоният тараққиёти маънавий баркамолликда, оддий анимистик эътикрдлардан универсал динлар оркали келажакнинг ягона дини сари бўладиган эволюциядадир. Тойнби жамиятдаги зиддият ва низоларга маънавий янгиланиш барҳам беради, деб ҳисоблади.