ТОШТУЗ

ТОШТУЗ, галит, ош тузи — 1) галит минерали, кимёвий таркибига кўра натрий хлорид (NaClNa — 39,34%, Cl 60,66%). Куб системада кристалланади. Одатда, табиатда турли катталикдаги донадор кристалл агрегатлар шаклида учрайди. Соф ҳолда рангсиз ва тиниқ, лекин кўпинча гил, органик моддалар, темир оксидлари ва б. билан аралашмаси кулранг, жигарранг, қизил, пушти. Шиша каби ялтироқ. Қаттиқлиги 2—2,5; зичлиги 2,1—2,3 г/см3. Сувда осон эрийди;

2) чўкинди тоғ жинси, асосан (99%), галитдан иборат. Фанерозойнинг деярли барча геологик даврлари ётқизиқларида учрайди. Энг йирик ётқизиклари кембрий, девон, пермь ва неоген катламларида жойлашган. Тоштуз, айниқса, шўр кўллар тубида кўп. Ўрта Осиёда йирик конлари бор. Т. халқ хўжалигида кенг ишлатилади. Тозаланган Тоштуз озиқ-овқат маҳсулоти сифатида, консервалашда, музлатиш ишларида, кимё саноатида сода, хлор, хлорид кислота ва натрийнинг қатор тузларини олишда, анилин ва локбўёқ, ўрмон кимёси, тўқимачилик, фармацевтика, металлургия, тери, нефть саноатларида, пластмассалар ишлаб чиқариш. да, йирик тиниқ кристаллари оптик асбоблар тайёрлашда қўлланади (яна қ. Натрий хлорид).