ТОМЧИЛАТИБ СУҒОРИШ

ТОМЧИЛАТИБ СУҒОРИШ — сувни махсус қувурлар ёрдамида бевосита ўсимликларнинг илдизлари атрофига кичик меъёрларда томизиб суғориш. Томчилатиш учун қувурларда махсус томизгичлар — микроғовак деворлар ёки махсус тешикчалар қилинади. Сув сарфи, одатда, соатига 4—5 л атрофида бўлади. Сув билан бирга эритилган ўғит ва пестицидлар бериш ҳам мумкин. Суғориш қувурлари орасидаги масофа ўсимликларнинг қатор оралари ўлчамига боғлиқ бўлиб, 0,8 м дан (дала экинлари учун) 6 м гача (боғлар учун) ўзгариши мумкин. Уз. эса одатда 200 м дан ошмайди. Томизгичлар орасидаги масофа эса тупроқ шароитларига боғлиб бўлиб, 0,5—1,0 м атрофида, Тарқатувчи қувур ёпиқ усулда жойлаштирилади, суғориш қувурлари эса ҳар йили суғориш мавсуми олдидан ўрнатилиб, мавсум охирида йиғиштириб олинади. Томчилатиб суғоришнинг афзалликлари: сув сарфини 30—50% га камайтиради, экинлар қосилдорлиги ортади, бегона ўтлар камаяди (суғориш қувурлари ўрнатилмаган қатор оралари қуруқ бўлиб, бегона ўт чиқмайди), меҳнат сарфи камаяди.