ТОМ — бинонинг устини ёпиб турувчи қисми. Деворлар ва бинонинг ичини ёғинсочиндан асрайди. Юк кўтарувчи (ферма, сарров, стропил, хари ва б.) ҳамда тунука, шифер, толь сингари ёпувчи қисмлардан иборат. Шаклига кўра, Томлар бир нишабли, икки нишабли, тўрт нишабли, кўп нишабли, шатр (қубба) шаклли, чордоқли ёки чордоқсиз (ясси), баланд чордоқлимансарда кўринишида бўлиши мумкин.
Эни кенг саноат биноларида табиий ёритиш ва ҳаво алмаштириш мақсадларида Том ўртасига фонар (ойнаванд туйнук) ишланади. Бундан ташқари Т. ларнинг гумбазли, пирамидасимон, конуссимон ва қобиқсимон хиллари ҳам бўлади. Гумбазли Томлар Ўрта Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда қадимдан кенг тарқалган. Булар ҳозир ҳам қурилади (қ. Гумбаз).
Ўзбекистонда оддий уйжойлар қадимда, асосан, ясси Том ли бўлиб, уй деворига тўсинлар ташлаб, уларнинг устига тоқи (васса) терилган, устига бўйра, қамиш ёки похол тўшалган, тупроқ солиб текисланган, кейин сомонли лой билан сувалган. Айрим жойларда ҳозир ҳам шундай Томлар бор. Аксар турар жой бинолари нишабли қилинади. Олдин стропила ишлаб олиниб, устига ёпиш материали (тунука, шифер ва б.) крпланади.
Ёпиш материалларининг хоссалари ва ҳудуднинг иқлимий шароитига қараб Томнинг нишаби ҳар хил (тунука, толь ва рубероидлар учун пастроқ; асбоцемент, черепица ва шиферларда — тикроқ) олинади. Бир нишабли Томлар, асосан, ёрдамчи хўжалик биноларига қурилади. Икки нишабли Томлар энг кенг тарқалган. Кўп нишабли Том энг мураккаб ҳисобланади.
Ўзбекистон ҳудудида мансардали (чордоқли қисми хонага мосланган) уйлар кам қурилади, уйжой масаласи танқис бўлган ҳолларда уларнинг аҳамияти катта.