ТОЛИБ МАХСУМ МАДРАСАСИ

ТОЛИБ МАХСУМ МАДРАСАСИ — Хивадаги меъморий ёдгорлик. Хива хонининг мирзоси Толиб Маҳсум маблағига қурилган (1910). Усталардан Худойберган ҳожи ва Қаландар Кочум қатнашган. Мадраса тўғри тўртбурчак тарҳли (18,8×16,55 м), атрофида 1 каватли ҳужралар жойлашган. Пештоқ шарафасига силликланган ғиштлар 2 қатор қилиб терилган, данданаси яшил рангли кошин билан безатилган. Бош тарзидаги гумбазли миёнсарой (дарвозахона) орқали ҳовлига ўтилади. Дарсхона ва маежид миёнсаройнинг 2 ёнида жойлашган. Ҳовли (10,75×8,0 м) бурчакларидаги хоналарга эшик очилмаган. Атрофидаги ҳужралар томи балхи гумбазли, уларнинг олдини унча чуқур бўлмаган равоклар эгаллаган. Ҳужраларга равоқпардаги эшиклар орқали кирилади. Мадрасанинг дарсхонаси ўрнига чорси хона (шим. ғарбий бурчагига) қурилган. 1977 й. да таъмирланган.