ТЎҒАЛОҚ МУЛДА

ТЎҒАЛОҚ МУЛДА (тахаллуси; асл исмшарифи Бойимбет Абдураҳмонов) (1860.10.6 — ҳоз. Қирғизистоннинг Оқтол тумани — 1942.4.1) — қирғиз шоири, оқин. Қирғиз фольклори билимдони, «Манас» эпосини айтувчилардан. Мадрасада ўқиган. 14 ёшида шеър ёза бошлаган. У «Деҳқон аёлининг йиғиси», «Темирчи аёли йиғиси», «Ёш эрга берилган қиз хасрати», «Чолга эрга берилган қиз ҳасрати» каби шикоятқўшиқлар, «Ҳожининг кирдикорлари», «Салла ўраган қўй» каби ҳажвий шеърлар, «Турна ва тулки», «Булбул ва эшак» каби масаллар ёзган. «Кемчонтой», «Бобирхонлар» (1900), «Қушлар ҳангомаси» (1908), «Озодлик» (1919 — 23), «Насиҳат» (1925) каби достонлар, «Эртаклар» (1939) тўпламини нашр эттирган. «Шеърлар ва достонлар» (1947), «Танланган шеърлар» (1951), «Ер ва унинг болалари» (1952) ва 2 жилдли «Танланган асарлар» (1954 —56) муаллифи. Навоий, Фурқат, Муқимий, Завқий ижоди Тўғалоқ Мулда ижодига катта таъсир этган. Айрим асарлари ўзбек тилига таржима қилинган.