ТИСА

ТИСА, Тисса — Европадаги дарё, Украина, Венгрия, Сербия ва Черногория ҳудудларидан (қисман Украина билан Руминия ва Венгрия билан Словакия чегараларидан) оқади. Дунайнинг энг катта чап ирмоғи. Уз. 966 км. Ҳавзасининг майд. 157,1 минг км2. Ўрмонли Карпат тоғлари (Украина ҳудуди)дан бошланади. Кўп қисми Ўрта Дунай текислигидан оқади. Қор ва ёмғирдан сув олади, баҳорда серсув, езда баъзан тошади. Суви кўпайганда қуйи қисмида сув сатҳи 4—5 м кўтарилади. Ўртача сув сарфи қуйи қисмида 810 м3/сек. Қиш совуқ келган йилларда 1—2,5 ой музлайди. Тисадан ёғоч оқизишда (юқори оқимида) ва суғоришда фойдаланилади. Тисакарад ш. гача (Венгрия) кема қатнайди. Тиса бўйида Хуст (Украина), Тисафюред, Сольнок, Сегед (Венгрия) ш. лари жойлашган. Тисада сув омбори, Тисалёк ва Кишкере (Венгрия) гидроузеллари қурилган.