ТИРИСТОР (юн. thyra — эшик, кириш ва резистор) — электрик вентил хоссасига эга бўлган кремний монокристалл асосидаги яримўтказгич асбоб. Яримўтказгич элементи кремний (бир оз бор, алюминий ва фосфор қўшилган) монокристалл диск (пластинка)дан тайёрланади. Ишлаш принципи кремний монокристаллнинг электронтешикли ўтиш (электрон п ўтказувчанликдан тешикли р ўтказувчанликка ўтиш) хоссасига асосланади. Бу хосса асбобнинг вентилли ўтказувчанлигини таъминлайди. Тиристорнинг триодли (тринистор; учта ташқи чиқиш — катод, анод, бошқарувчи электрод) ва диодли (динистор, бошкарувчи электродсиз) турлари бор. Вазифасига кўра, бир томонлама ва икки томонлама ўтказувчан, юқори частотали, импульсли, икки операцияли ва махсус хилларга бўлинади. Фоторезисторлар, галлий арсенид асосидаги Тиристорлар ҳам бор.
Тиристор электр ўзгартиргичларида вентил, автоматик бошқариш тизимининг ижрочи ва кучайтирувчи элементлари, турли электрон қурилмаларда хотира калити ҳамда элементлари ва б. сифатида ишлатилади.