ТЕЗ АЙТИШ — ўзбек халқ оғзаки ижодининг бир тури. Тез айтишда янглишиб кетиш мумкин бўлган қофиядош сўзлардан тузилган жумлалар қўлланади. Унда муайян товушлар, айниқса, жарангли ундошлар такрорланади ва сўзлар ритм, урғулар билан тез айтилади. Мас., Беш мис баркаш, беш мис баркашнинг ичида беш минг мис баркаш. Т. а. да ҳар бир товуш ўз ўрнида тўғри, равон талаффуз этилиши шарт. Товушлар талаффузида янглишган томон (киши) енгилган ҳисобланади. Ўтмишда катта ёшдаги одамлар ҳам ўтиришларда, тўйларда Тез айтишда мусобақалашиб, маданий ҳордиқ олганлар. Кейинчалик, асосан, болалар репертуарига айланган. Тез айтишлар болаларнинг фикрлаш қобилиятини, сўз бойлигини оширишга ва нутқининг равон бўлишига хизмат қилади.