ТЭТЧЕР (Thatcher) Маргарет (Хильда) (1925.13.10, Грантем, Линкольншир) — Буюк Британияниг сиёсат ва давлат арбоби; бош вазир (1979—90), маориф ва фан вазири (1970—74); хазинахонанинг 1лорди, давлат ишлари бўйича вазир, Консерватив партия томонидан Британия парламенти жамоа палатасининг аъзоси (1959 й. дан). Оксфорд унтини (органик кимё ихтисослиги бўйича) тугатган (1947). Кимё корхоналарида ишлаган, ҳуқуқшунослик курсида ўқиб, адвокатлик қилган (1954—57). Нафақалар ва давлат суғуртаси бўйича вазирликнинг парламент котибаси (1961—64). Оксфорд унтининг Самервилл коллежи ва Қироллик кимё инти фахрий проф., Қироллик жамияти аъзоси. 1975 й. да Консерватив партия раҳбари этиб сайланган. Тэтчернинг фалсафаси ва неоконсерватизм тажрибаси жаҳон сиёсий луғатида «тэтчеризм» деб ном олган. У сиёсат оламида «Темир хоним» деган ном билан машҳур. Буюк Британия тарихида 1аёл бош вазир лавозимига сайланганига 25 й. тўлгани муносабати билан қиролича Елизавета II унга баронесса унвонини берган (2004 й., май).