ТЕРМОДИНАМИК МУВОЗАНАТ — термодинамик тизим ҳолати; бунда тизимни тавсифловчи барча параметрлар аниқ қийматларга эга бўлиб, бу қийматлар ташқи муҳит ўзгармаса, истаганча вақт давомида ўзгармай қолаверади. Термодинамик мувозанат ҳолатига ўтган тизимда иссиқлик ўтказувчанлик, диффузия каби ҳар қандай қайтмас жараёнлар тўхтайди.
Тизимнинг ташқи муҳит билан ўзаро муносабатига қараб, унинг Термодинамик мувозанат ҳолатига ўтганлигини турли физик катталикларнинг кузатилаётган шароитдаги эришган чегаравий қийматлари орқали аниклаш мумкин. Mac, ташқи муҳитдан адиабатик тарзда ажратилган тизимда энтропия ўзининг эришиши мумкин бўлган энг катта қийматга эга бўлади; термостатдаги тизим учун эркин энергия энг кичик қийматни олади; ўзгармас ташқи босим таъсирида бўлган термостатдаги тизим учун Гиббс термодинамик потенциали энг кичик қийматга эришади.