ТЕРМИЗИЙ МАҚБАРАСИ

ТЕРМИЗИЙ МАҚБАРАСИ, Абу Исо Термизий мақбараси — Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги меъморий ёдгорлик (11—12-а. лар). Абу Исо Муҳаммад Термизий қабри устига қурилган. Ҳоз. кунда ёдгорлик бир-биридан равоқлар орқали ўтувчи 4 хона (бўлма)дан иборат яхлит бино кўринишида, хоналар тарҳи 4,3×4,5 м. Шим. шарқий тарзи айвон қурилиши муносабати билан кейинчалик тўсилган. 3 хонали бўлма мурабба тарҳли, улардан жан. дагиси гўрхона. Унда мармар сағана бор. Сағана 3 поғонали, муқарнас нақш ва ёзувлар билан пардозланган. Гўрхонадан тор узун йўлка орқали хонақоҳга ўтилади. Хонақоҳ поли гўрхонага нисбатан пастроқ бўлиб, улар оралиғи кенг равоқ билан ажратилган. Хонақоҳ гумбаз томли, меҳробли. Ёнидаги 2 хонадан шим. шарқий тарзига чиқилади. Хонақоҳ олдидаги 3 айвон гумбазли, қалқонсимон бағалли, деворларига 4 равоқ ишланган, пишиқ ғиштдан ҳошиялар терилган. Термизий мақбараси ганчкори безаклар билан пардозланиб, ташқи деворларига 6 ғиштин равокли намоёнлар ишланган. Тобадонларига оқ ганчдан панжаралар ўрнатилган. Равокдари ғишт қалинлигида ҳошияланган. Термизий мақбараси бош тарзини кичик кўшксимон гумбазли қурилма эгаллаган. Ёдгорлик ҳақида илк бор Д. Н. Логофет йўл очеркларида тилга олган. 1945 й. В. Л. Воронина меъморий ўлчамларини бажарган. Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан Термизий мақбарасида таъмирлаш ишлари олиб борилди. Сағанаси ва ганчкори панжаралари қайта ўрнатилди.