ТЕЛЕВИЗИОН СТАНЦИЯ

ТЕЛЕВИЗИОН СТАНЦИЯ — телевизион эшиттиришларни тайёрлаш ва радиотўлқинлар ёрдамида узатиш учун мўлжалланган қурилма ва иншоотлар мажмуи; телевизион узатиш тармоғининг асосий бўғини. Телевизион станция телевизион марказ (телемарказ) деб аталадиган дастурли ва ретрансляцион деб аталадиган узатувчи хилларга бўлинади. Телемарказ — телевизион дастурлар ҳосил қилинадиган телевизион узатувчи тармоқнинг бошланғич бўғини. Телемарказнинг асосий техник базаси аппаратстудия мажмуи ҳисобланади. Унга техник аппаратлар, телевидение орқали кинофильмлар кўрсатиш, телевизион дастур сигналларини магнит лентага ёзиб олиш ва уни намойиш қилиш (қ. Видеомагнитофон) жиҳозлари, шаҳарлараро алоқа линиялари бўйича бошқа телемарказлардан келган дастурларни кундалик кўрсатувларга киритиш аппаратлари, шунингдек ўз кўрсатувларини бошқа телемарказларга узатувчи аппаратлар, телевизион студия (телестудия) киради.

Телевизион студия товушдан изоляция қилинган хонадан иборат. Студия деворлари ва шипи товуш ютувчи материаллар билан крпланади ва конденсирланган ҳаво билан мажбурий шамоллатадиган тизим билан таъминланади. Телевизион станция таркибида муҳаррирлар ва режиссёрлар, дастур тузиш, тайёрлаш ҳамда уни кўрсатиш билан шуғулланувчи мутахассислар учун хоналар бўлади.

Студиядан ташкари жойлар (театр, студия ва б.)дан телекўрсатишда кўчма телевизион стядан фойдаланилади.

Узатувчи стя — тасвир сигналларини товуш сигналлари билан биргаликда радиотўлқинлар тарзида Ер сиртида тарқатишни таъминлайдиган телевизион кўрсатувчи тармоқнинг охирги бўғими. Бунга телевизион радиоузаткичлар, телевизион антенна ва назоратўлчаш аппаратуралари киради. Телевизион антеннанинг таянчи қанчалик баланд бўлса, узатувчи Телевизион станциядан шунчалик самарали фойдаланишга имкон беради.