ТЕЛЕГРАФ АЛОҚА

ТЕЛЕГРАФ АЛОҚА — дискрет (ҳарфрақамли) хабарларни узок, масофага тез узатиш ва қабул қилиш ҳамда қабул пунктида қайд этиш; электр алоқанинг бир тури. Сим орқали узатиладиган электр сигналлар ва симсиз радиосигналлар орқали, телеграф аппарати ва фототелеграф (факсимил) аппарат ёрдамида амалга оширилади. Телеграф алоқа электр алоқанинг бир тури сифатида 19-а. 30й. ларида пайдо бўлган. Ахборотларни узатишда дастлаб (почта алоқасидан ташқари) ёруғлик ва товуш сигналларидан фойдаланилган (қ. Оптик телеграф). Россияда 1832 й. да П. Л. Шиллинг томонидан телеграф аппарати яратилиши билан Телеграф алоқага асос солинди. Сўнгра Б. С. Якоби томонидан электромагнит телеграф аппарати (1839) ва ҳарф босиш телеграф аппарати (1850), С. Морзе томонидан электромеханик телеграф аппарати (1844) яратилиши (қ. Морзе аппарати) Т. а. нинг ривожланишига ёрдам берди. Ўзбекистонда Телеграф алоқа 19-а. охирига келиб Тошкент Оренбург телеграф линияси очилиши билан бошланган. Ҳозир «Ўзбектелеком» акционерлик компанияси телеграф ва телефон алоқани ташкил этади. Ўнлаб шаҳарлар билан Телеграф алоқа боғланган.

Узатиладиган хабарларнинг турига қараб, Телеграф алоқа умумий фойдаланиш, абонент, идора, факсимил хилларга бўлинади. Умумий фойдаланиш Телеграф алоқаси алоқа корхоналарига келувчи телеграммалар, пул ўтказмалари ва б. ни узатиш учун хизмат қилади. Абонент телеграф ёрдамида абонентларнинг хоналарига бевосита ўрнатилган телеграф аппаратидан фойдаланиб мулоқотлар олиб бориш мумкин. Идора Т. а. си кўплаб ҳужжатли хабарлар узатиш ва қабул қилишни талаб қиладиган халқ хўжалиги тармоқлари (т. й., транспорт, фуқаро авиацияси ва б.) да ташкил этилади. Факсимил алоқа (фототелеграф алоқа) раем, график, матнларни масофада туриб узатиш учун хизмат қилади (қ. Факсимил алоқа).

Узатишни ташкил этиш усулига қараб, Телеграф алоқа симплекс ва дуплекс турларга бўлинади. Икки телеграф стялари (ёки абонентлар) орасидаги симплекс Телеграф алоқа хабарларни икки томонга навбат билан узатишга имкон беради. Хабарларни узатиш ва қабул қилишда битта телеграф аппаратидан фойдаланилади.

Дуплекс Телеграф алоқада ахборот бир вақтда иккала томонга узатилади (қ. Дуплекс алока, Симплекс алоқа).

Ахборотларни узатиш учун хизмат қиладиган Телеграф алоқанинг телеграф аппаратлари охирги стялари, коммутация қурилмалари ва каналлари телеграф тармоғини ташкил этади.

Телеграф алоқада хабарларни узатиш, қабул қилиш ва ишлаш жараёнларини автоматлаштириш, уларга компьютерларни татбиқ қилиш орқали Телеграф алоқа такомиллаштирилади.