ТЕКТОНИК ҲАРАКАТЛАР — Ер қаърида содир бўлган жараёнлар натижасида вужудга келган Ер пўсти ҳаракатлари; Ер пўсти ва асосан Ер мантиясидати кучлар таъсирида содир бўлиб, пўстни ташкил этган жинсларни деформацияга олиб келади. Тектоник ҳаракатлар, одатда, деформацияга учраган тоғ жинсларининг кимёвий таркиби, фазавий ҳолати (минерал таркиби) ва ички структурасининг ўзгариши билан боғлиқ. Тектоник ҳаракатлар бир вақтнинг ўзида жуда катта майдонни ўз ичига олади. Геодезик ўлчашларнинг кўрсатишича, бутун Ер юзаси узлуксиз ҳаракатда бўлади, лекин Тектоник ҳаракатлар тезлиги катта эмас: йилига 0,01 мм дан 0,1 мм гача етади. Бу ҳаракатлар жуда узоқ геологик вақт (ўнлаб — юзлаб млн. йил) давом этиб, тўпланиши натижасида Ер пўстининг айрим қисмларида йирик силжишлар рўй беради. Америкалик геолог Г. Жильберт (1890) Тектоник ҳаракатларни эпейрогеник (Ер юзида катта майдонларнинг узоқ вақт кўтарилиши ва чўкиши) ваорогеник (муайян зоналарда бурмалар ҳосил бўлиб, тоғ тизмаларининг шаклланиши) ҳаракатларга бўлишни таклиф этди, немис геологи X. Штилле (1919) бу таснифни ривожлантирди. Унинг асосий камчилиги ўзаро фарқ қилувчи 2 хил жараён — бурма ва узилма ҳосил бўлиши билан тоғ ҳосил бўлишини ягона орогенез тушунчаси билан изохланишидир. Шу туфайли бошқа таснифлар таклиф этилган. Рус геологлари А. П. Карпинский, М. М. Тетяев Тектоник ҳаракатларни тебранма бурмали ва узилмали ҳаракатларга ажратдилар. Немис геологи Э. Харман ва голланд олими Р. В. ван Беммелен эса Тектоник ҳаракатларни ундацион (тўлқинли) ва ундуляцион (бурмали) ҳаракатларга бўлдилар (қ. Ер пусти тебранма ҳаракатлари). Тектоник ҳаракатлар содир бўлиш шакли ва вужудга келиш чуқурлиги, механизми ва пайдо бўлиш сабаблари ҳар хил эканлиги маълум бўлди. 18-а. ўрталарида Тектоник ҳаракатларни бошқа принцип бўйича секин (асрий) ва шиддатли бўладиган ҳаракатларга ажратдилар. Тез содир бўладиган ҳаракатлар, одатда, зилзилалар билан боғлиқ бўлиб, ғоят қисқа муддатда кечади. Зилзила вақтида ер юзасидаги силжишлар бир неча м га етади, баъзан 10 м дан ҳам ошади. Лекин бу силжишлар жамланганда секин силжишлардан кўп ҳам ортиқ эмас. Тектоник ҳаракатларни вертикал (радиал) ва горизонта л (тенгенциал) ҳаракатларга бўлиш шартли бўлсада, бир қадар аҳамиятга эга; бу ҳаракатлар ўзаро боглик бўлиб, бири иккинчисига ўтиб туради. Бунда вертикал ёки горизонтал Тектоник ҳаракатлардан бири устун бўлади. Вертикал ҳаракат устун (бирламчи) бўлганда, ер юзаси кўтарилади ва чўкади, жумладан тоғлар пайдо бўлади. Натижада океан ва денгизларда, қисман қуруқликда ҳам чўкинди жинсларнинг қалин қатлами ҳосил бўлади. Горизонтал ҳаракатлар Ер пўсти айрим блокларининг бошқаларига нисбатан юзлаб км, ҳатто минглаб км гача йирик силжишларида, уларнинг юзлаб км келадиган силжималарида, шунингдек, континентал пўст палахсаларининг сурилиши натижасида минг км кенгликдаги океан ботикларининг ҳосил бўлишида яққол намоён бўлади.
Тектоник ҳаракатлар ҳ муайян даврийликка эга. Нисбатан қисқа муддатли вертикал ҳаракатлар тебранма ҳаракатлар дейилади. Горизонтал ҳаракатлар, одатда, ўз йўналишини узоқ вақт саклаб қолади ва аслига қайтмайди. Тебранма ҳаракатлар, эҳтимол, денгиз ва дарё террасаларини ҳосил қилади. Тектоник ҳаракатлар пайдо бўлиш вақтига кўра энг янги ва ҳоз. замон ҳаракатларига бўлинади. Энг янги Тектоник ҳаракатлар Ернинг ғоз. рельефида бевосита акс этади, геоморфологик ва геодезик методлар ёрдамида ҳам ўрганилади. Энг янги ва ҳозирги Тектоник ҳаракатларни неотектоника ўрганади. Узоқ геологик ўтмишда содир бўлган Тектоник ҳаракатлар океан трансгрессияси ва регрессиясининг тарқалиши, чўкинди қатламларнинг умумий қалинлиги, улар фацияларининг жойлашиши, депрессияга тўпланган чақиқ жинслар манбаига кўре. аникланади. Литосфера палахсаларининг катта миқёсдаги силжишларини қайта тиклашда палеомагнит соҳасидаги изланишларнинг маълумотлари катта аҳамиятга эга.