ТАЙЮАНЬ

ТАЙЮАНЬ — Хитойдаги шаҳар, Финьхэ дарёси (Хуанхэ дарёси ҳавзаси) бўйида. Шаньси провинциясининг маъмурий маркази. Аҳолиси 2,95 млн. киши (1998). Транспорт йўллари тугуни. Қора металлургия, оғир машинасозлик, кимё, енгил саноат корхоналари мавжуд. Шаҳар яқинидан тошкўмир, темир рудаси, оҳактош қазиб олинади. Тайюань — Хитойнинг қад. шаҳарларидан бири. Цин сулоласи (1644 — 1911) даврида Шаньси провинциясидаги энг катта шаҳар бўлган. Меъморий ёдгорликларидан Цзиньци, Шэнмудань ибодатхоналари (6—7-а. лар), шаҳар яқинидаги Тяньлуншан тоғида гор ибодатхонаси (6-а.) бор.