ТАЙЁРЛОВ БЎЛИМИ

ТАЙЁРЛОВ БЎЛИМИ — олий мактабларда унга кирувчиларнинг умумий тайёргарлик даражасини ошириш ва кириш учун зарур бўлган билимлар беришга йўналтирилган тузилма. Тайёрлов бўлимига умумий ўрта мактаб, касбҳунар коллежлари, академик лицейларни битирган ўқувчилар, шунингдек ҳарбий хизматдан қайтган ўрта маълумотга эга шахслар қабул қилинади. Тайёрлов бўлимига кирувчилар махсус суҳбатдан ўтказилади ва шартнома асосида қабул қилинади. Тайёрлов бўлимида муайян мутахассислик бўйича олий ўқув юртига кириш тестларини ечишга хизмат қиладиган фан соҳалари чуқур ўргатилади. Тайёрлов бўлими олий мактабга кирувчиларни олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари ва тест топшириқларидан ўтишга тайёрлайди. Тайёрлов бўлимини битирганларга олий ўқув юртига киришида ҳеч қандай имтиёз берилмайди.