ТАВТОЛОГИЯ

ТАВТОЛОГИЯ (юн. tautologia — айнан ўша сўз) — 1) бир фикрни, мазмунни бошқа сўз ёки сўзлар (сўз бирикмаси, ran) билан такроран ортиқча ишлатиш, сўзни ортиқча такрорлаш. Mac, чин ҳақиқат, гап гапирмоқ, бутунлай ва тўлалигича каби. Тавтология тушунчаси плеоназм тушунчаси билан боғлиқ; баъзан Тавтологияни плеоназмнинг бир кўриниши деб ҳисоблашади. Аслида улар бир хил ҳодиса эмас. Тавтология, плеоназмдан фарқли ўлароқ, нутқ ҳодисаси ҳисобланиб, тил тизими ва меъёри доирасига кирмайди. У, одатда, сўзловчининг мантиқан ва тил жиҳатдан етарли даражада саводхон эмаслигини кўрсатади. Шунинг учун ҳам француз тилшуноси Ш. Балли уни нуқсонли плеоназм деб атаган эди. Услубий ғализлик натижаси бўлмай, муайян услубий восита сифатида қўлланганда, Тавтология нутқнинг эмоционал таъсирчанлигини оширади, лекин илмий ва расмий услубларда Тавтологияга йўл қўйиб бўлмайди;

2) мантиқда ўзига хос ҳукм, унда таърифланадиган тушунча айнан ўзи воситасида таърифланади, яъни таърифнинг аниқловчи қисми аниқланувчи қисмида ифода этилган маънони такрорлайди. Натижада мазмун бир хил бўлиб қолаверадию, уни ифодалаган сўзлар эса турлича бўлади. Тушунчаларни тўғри таърифлаш — мантиқий талаблардан бири. Таърифланаётган тушунча ўзи билан эмас, бошқа тушунчалар билан ифодаланиши ва тушунчанинг моҳияти очиб берилиши лозим. «Одам инсоний хислатларга эга бўлиши лозим», «тоби қочган одам касалдир» каби таърифларда қайтариқ мавжуд. Шундай қайтариқ мантиқда Тавтология деб аталади.