ТАВҚА

ТАВҚА, Тауке — қозоқ хони (1680 — 1718). Хон ҳокимиятини мустаҳкамлашда олий мулкдор табақа — султонларни кучсизлантириш учун бийларга таянган. Тавқа даврида тузилган «Жети Жарғи» («Етти Ёрғу») қонунлари рус тарихида «Тауке қонунлари» номи билан машҳур. Бу қонун бир қанча одатларни (қонли ўч олиш, аёлларнинг тенгсизлиги ва б.) расмийлаштирган. Тавқанинг хон ҳокимиятини мустаҳкамлаш йўлидаги ҳаракатлари зое кетган, қозоқ хонликлари парчаланган ҳолда қолган. Жунғарлар истилоси хавфи остида, Пётр I нинг шарқий сиёсатининг фаоллашуви, хўжалик алоқаларининг мустаҳкамланиши натижасида Тавқанинг Россия билан алоқалари кучайган. 1716 й. Т. жунғарларга қарши курашда ёрдам сўраб Россияга мурожаат қилган.