ТАВКВЕРИ

ТАВКВЕРИ — ўртапишар қадимги грузин винобоп узум нави. Ўзбекистон, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистонда экилади. Тупи кучли ўсади. Барглари йирик, чўзиқ, беш бўлмали. Гули функционал урғочи. Узум боши ўртача, конуссимон, ўртача тиғиз. Ғужуми юмалоқ, тўқ бинафшаранг, ғубор билан қопланган. Пўсти калин. Эти серсув, хуштаъм. Куртаги бўртгандан кейин фаол ҳарорат йиғиндиси 3000° бўлганда 140 кунда пишади. Новдалари яхши етилади. Ҳосилдорлиги 100—140 ц/га. Милдью касаллиги билан кучли, оидиум билан ўртача касалланади. Енгил вино, юқори сифатли узум шарбати тайёрланади.