ТАВАЛЛО

ТАВАЛЛО (тахаллуси; асл исмшарифи Тўлаган Хўжамёров) (1883 — Тошкент —1937.10.11) — шоир, публицист. Бекларбеги мадрасасида, рустузем мактабида ўқиган. Ўзбек ва форс адабиёти классикларининг ижодини, шунингдек, араб ва форс тилларини ўрганган. 1905 й. дан «Туркистон вилоятининг газети», «Садои Фарғона», «Тараққий» каби газ. ва журнали ларда шеър ва мақолалари билан мунтазам қатнашган. 10й. лардан вақтли матбуотда «Тавалло» тахаллуси билан шеър ва мақолалари босила бошлаган. 1914 й. 30 авг. да Мунавварқори, Авлоний, М. Подшохўжаев, Ҳусанхўжа Дадахўжа ўғли (ёзувчи Саид Аҳмаднинг отаси), Саидабдулло Саидкарим ўғли Саидазимбоев, Комилбек Норбеков (жами 12 киши)лар билан биргаликда Тошкентда «Нашриёт» ширкатини тузиб, китоб чиқаришни йўлга қўйган. 1915 й. да эса Авлонийлар ташаббуси билан тузилган «Турон» жамиятида фаолият кўрсата бошлаган. 1918 — 19 й. ларда Тошкентнинг дастлаб Эски шаҳар, сўнг Янги шаҳар ижроия қўмиталарининг аъзоси бўлган. Кейинчалик турли хўжалик ишларида ишлаган. «Равнақ улислом» (1916) шеърий тўплами унинг ҳаётлик даврида чоп этилган. Тўпламга 70 та шеър киритилган. Асар туркчилик, исломчилик руҳида. Вазн ва оҳанг анъанавий — арузда.

Тавалло шеърларида миллат ва Ватан тушунчалари кенг ўрин эгаллаган («Ёрдам этмак куни етди сиза Турон аҳли…»). Т. 1937 й. 14 авг. да «Турон», «аксилинқилобий», «Миллий иттиҳод» ва б. ташкилотларнинг аъзоси бўлганликда, «шеърларида миллатчилик ғояларини илгари сурган»ликда айбланиб, қамоққа олинган. 1937 й. 10 ноябрда НКВД қошидаги учлик ҳукми билан отиб ташланган. 1968 й. 18 окт. да окланган.